Ўзбекистон | 11:56 / 25.05.2022
7456
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда Афросиёб археологик объекти яқинида ковланган чуқурдан эски сопол буюм ва қабристон қолдиқлари топилди

ЮНЕСКО томонидан Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган жойда қазиш ва қурилиш ишларини олиб борган ташкилотга нисбатан чоралар кўрилади.

Фото: Маданий мерос агентлиги

Ижтимоий тармоқларда фуқаролар томонидан Самарқанд шаҳридаги Шоҳи-Зинда кўчасида жойлашган Афросиёб археологик объекти яқинида ер қазиш ишлари олиб борилгани ҳақида хабар қолдирилиб, маданий мерос ҳудудида қурилиш ишлари олиб бораётган корхонага чора кўришни сўраб мурожаат қолдирилган.

Маданий мерос агентлиги ахборот хизматининг хабар беришича, ушбу мурожаат юзасидан 2022 йил 16 май куни Самарқанд вилояти маданий мерос бошқармаси ва археология институти ходимлари иштирокида ўрганиш ишлари олиб борилган.

Ўрганиш давомида аниқланишича, ЮНЕСКО томонидан Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган Афросиёб археологик объекти яқинида ободонлаштириш билан боғлиқ иншоот қуриш учун 9х9х2,5 метр (180 метр куб) ер ковланган.

Шурф ўрганилганда қурилиш ишлари олиб борилаётган жойдан ўрта асрларга оид сопол буюм қолдиқлари, ғишт бўлаклари ва шурфнинг юқори қисмида қабристон қолдиқлари аниқланган.

«Юқоридагиларни инобатга олиб, қазиш ва қурилиш ишларини олиб борган ташкилот бўйича аниқлик киритган ҳолда, ушбу ташкилотга нисбатан чоралар кўрилади», дейилади Маданий мерос агентлиги ахборот хизматининг хабарида.

Аввалроқ Сурхондарёда Мирзо Улуғбек даврига оид хазина топилганди.

Мавзуга оид