Kun.uz мухбири тадбир якунида Молия вазирлиги департамент директори Тўлқин Мирзаев билан жараён атрофидаги муҳим саволлар юзасидан интервью уюштирди.

—  Россиянинг Украинага қарши бошлаган уруши кўплаб давлатларнинг дон таъминотига ўз таъсирини ўтказиб, янги хавфларни пайдо қиляпти ва бу уруш кўплаб экспертлар айтаётгани каби узоқ муддат давом этиши ҳам мумкин. Хўш, Ўзбекистон ҳукумати қандай сценарийларга тайёргарлик кўрмоқда?

— Россия ва Украина ўртасида юзага келган зиддиятли муносабат қанча вақт давом этишини олдиндан айтиш қийин. Бу зиддият кўп жойларда озиқ-овқат нархларига таъсир қилаётганини маълум қилишмоқда, ҳақиқатан ҳам шундай. Энди бунинг сабаби нимада?

Россия дон экспорт қилиш бўйича дунёдаги энг йирик давлат ҳисобланади. Экспортчиларнинг баҳоларига кўра, 2020 йилда Россия бутун дунё бозорига салкам 40 млн тонна донни экспорт қилган.

Украина ҳам энг йирик дон экспортёрларининг 10 талигига киради. Адашмасам, Украина томонидан ҳам дунё давлатларига йилига 17 млн тонна дон сотилади. Мана шу икки давлат умумий қилиб айтганда, дунё бозорига экспорт қилинадиган доннинг 30 фоизини беради.

Шунинг учун ҳозирда бозорлардаги нархларнинг тебранишлари табиий ҳолат ҳисобланади.

Биз қандай сценарийларга тайёрмиз? Мутахассисларимизнинг маълумотига кўра, бу йил жуда яхши ҳосил кутиляпти, доим шундай бўлсин. Бу – бизнинг биринчи захирамиз. 

Иккинчидан, бизга энг йирик экспортёр давлат Қозоғистон бўлгани учун бу йил уларда ҳам яхши ҳосил бўлиши кутилмоқда. Чунки қиш уларда ҳам яхши ўтган. Ғалла қишдан яхши ўтган. Бундан ташқари, бозордаги нархларнинг қимматлиги Қозоғистонда қўшимча майдонларга ҳам ғалла экишга туртки бўлган. Буларнинг ҳаммаси ғалла ҳосилининг мўл бўлишига олиб келади деб ўйлайман.

Шунингдек, Қозоғистондаги ҳамда ўзимизнинг ҳосил билан биз етарли захирага эга бўламиз, деб ўйлайман.

Тўлқин Мирзаев

— Шуниси қизиқ-да, дейлик, Қозоғистон ўз ғалласи экспортига тез-тез чекловлар қўйиб туради. Биз мана шундай ҳолатлар учун ҳам маълум чоралар кўришимиз керак-ку.