Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарига кўра, Тадбиркорлик кодекси лойиҳаси билан қуйидагилар назарда тутилмоқда:
- кодекс лойиҳаси билан яхлит 9 та амалдаги қонун, 2 та янги қонун лойиҳалари ва 10 дан ортиқ қонуности ҳужжатлари бирлаштирилиб, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишдан бошлаб уни тугатишгача бўлган барча жараёнларни тартибга солишга қаратилган;
- илғор хорижий давлатлар тажрибасига асосан, тадбиркорлик субъектлари кичик, ўрта ва йирик тоифаларга ажратилмоқда;
- тадбиркорлик субъектларининг ташкилий-ҳуқуқий шакллари базаси ихчамлаштирилиб, тадбиркорлар ичида оммабоп бўлмаган “хўжалик ширкати” ташкилий-ҳуқуқий шакли бекор қилинмоқда;
- якка тартибдаги тадбиркорлар шуғулланиши мумкин бўлмаган фаолият турларини белгилаган ҳолда уларга қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи берилмоқда;
- тадбиркорликни давлат томонидан тартибга солишнинг чегаралари ҳамда тартибга солиш шакллари белгиланмоқда;
- 43 та давлат органининг 146 та назорат функциялари ва Бизнес-омбудсманни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган 18 турдаги текширувлар рўйхатлари кодексга илова сифатида тасдиқланмоқда. Бунда рўйхатга киритилмаган барча текширувлар Бизнес-омбудсман билан келишилган тартибда амалга оширилиши белгиланмоқда;
давлат назоратининг 4 та шакли белгиланиб, шундан фақат маълумотларни таҳлил қилиш ва текширувда аниқланган қоидабузарликлар юзасидан тадбиркорга нисбатан ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилиши белгиланмоқда. Бунда:
- молиявий санкциялар суд томонидан қўлланилади (бундан солиққа тортиш ва банк соҳаларидаги санкциялар мустасно);
- бир хил турдаги ҳуқуқбузарлик учун тадбиркорлик субъектига молиявий санкция ва унинг мансабдор шахсига маъмурий жавобгарлик назарда тутилган ҳолларда, фақат молиявий санкция қўлланилади;
- биринчи марта ҳуқуқбузарликлар содир этган тадбиркорлик субъектлари ушбу қонунбузилишни бартараф этиш тўғрисидаги кўрсатмани бажарган, шунингдек, етказилган зарарни қоплаган тақдирда, уларга нисбатан молиявий санкциялар қўлланилмайди;
- барча талабларни ўз ичига олган Тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талаблар реестри ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун имтиёзларнинг ягона реестрини шакллантириш ва ошкор этиш назарда тутилмоқда. Бунда Мажбурий талаблар реестрига киритилмаган талаблар бўйича жавобгарлик белгилаш тақиқланмоқда;
- қўшимча мажбуриятларни юклашни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга қабул қилингандан кейин бир йил давомида ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тақиқланади (енгиллаштирувчи нормалардан ташқари);

















