07:40 / 02.06.2022
4649

Экология қўмитаси фермерлар ва аҳолини сомон пояларини ёқмасликка чақирди

Давлат экология қўмитаси республиканинг барча фермерлар, корхона, ташкилот раҳбарлари ва аҳолисига мурожаат билан чиқди.

Фото: Экология қўмитаси

Мамлакатда 2022 йил ғалла ўрим йиғими мавсуми бошланиши муносабати билан ғалладан бўшаган майдонларда сомон поя қолдиқларини йиғиштириб олиш, улар ёқиб юборилиши ҳолатларини бартараф этиш лозим. 

Шу сабабдан, барча хўжалик ҳудудларида етиштирилган бошоқли дон маҳсулотлари ўриб, йиғиб олингандан сўнг, далаларда сомон поя қолдиқларини йиғиштириб олиш ва ушбу ҳудудларда ёнғин содир бўлиши каби нохуш ҳолатлар олдини олиш бўйича зарурий чоралар кўриш сўралган.

Сомон поя қолдиқлари ёниши натижасида атмосфера ҳавосига углерод оксиди, азот оксиди, азот икки оксиди, олтингугурт оксиди каби инсон соғлиғи учун зарарли бўлган заҳарли моддалар ажралиб чиқади.

“Сомон поя қолдиқлари ёқилиши нафақат она табиатимизга, балки инсон саломатлиги билан бир қаторда иқтисодиётимизга ҳам жиддий зарар етказишини ҳам унутманг”, дейилади мурожаатда.

Сомон поялари ва уларнинг қолдиқлари ёқилган ҳудудларда ер унумдорлиги кескин пасайиши, тупроқ структураси бузилиши ҳамда ёнғин натижасидаги юқори ҳарорат туфайли макро ва микро элементлар йўқ бўлиб кетиши оқибатида экин ерлари балл бонитети кескин пасаяди.

Сомон поялари ва уларнинг қолдиқларининг ёқилиш ҳолатига йўл қўйган ҳуқуқбузарлар ва ер эгаларига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 88-моддаси 3-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдори 10 баробаригача (3 миллион сўм) бўлган миқдорда маъмурий жарималар қўлланилади ҳамда ёнғин содир бўлган ғалла экин майдонлари ҳар бир гектарига етказилган зарар бўйича амалдаги тартиб асосида иқтисодий чоралар белгиланади.

Top