Аввалроқ Kun.uz сайтида Асака туманида номаълум махлуқ юздан ортиқ қўйни бўғизлаб кетгани, йиртқич одамларга ҳам ҳужум қилгани ҳақида мақола эълон қилинган эди. Худди шундай ҳолат сабаб, мана неча кундирки хонқизликларнинг ҳаловати йўқолган. Тунда хонадонлардаги қўраларга ўралаган номаълум йиртқичлар қўй ва паррандаларни бўғизлаб кетмоқда. Қишлоқ аҳли саросимада. Асосий даромади чорвачилик бўлган хонқизликлар ҳолатдан ваҳимага тушиб қолган. Чорванинг чалажон қилиб кетилиши билан боғлиқ илк ҳолат шу йил 23 май санасида қайд қилингани айтилди.
Қишлоқнинг Сойбўйи кўчасида истиқомат қилувчи Мелиқўзи ака Эшонхонов асраб-авайлашига қарамай, йиртқичлар 6 бош қўйини бир кечада бўғизлаб кетган.

«Пайшанбадан жумага ўтар кечаси шунча авайлашимга қарамасдан махлуқ келиб 6 та қўйимни шу ерда бўғизлади. Биттасини олиб чиқиб бир чеккага олиб бориб еган.
Қурбонлик қилиб, эл-у халққа егизаман, деган мақсадим бор эди. Қўйлардан бирини набирамнинг тўйи учун боқаётгандим. Яхши ният билан боқаётган жониворларимни бир кечада “пачоқ” қилиб чиқиб кетди.

Ўша воқеадан кейин неча кун ўтган бўлса номаълум йиртқич ҳали у ёқда ҳали бу ёқда одамларнинг қўйини нобуд қилиб кетяпти.
Маҳалла оқсоқолиман. Хонадонларда мана шундай ҳолат деярли ҳар куни такрорланяпти. Учрамаган раҳбарим қолмади. Вазиятни тушунтирай десам “катталар” телефонимни кўтармайди. Тадбиркорликни эндигина бошлаган Абдуҳалил исмли маҳалладошимнинг куни кеча товуқхонасини пачоқлаб бузиб, паррандаларни ўлдириб еб кетди. Нима қилишни ҳам билмай қолдик. Одамларнинг тинчини бузаётган йиртқични ушласа бўлади-ку. Ҳолат шундай такрорланаверса биз қолиб, қўшни маҳалла хонадонларини ҳам хонавайрон қилади-ку, бу йиртқичлар.
















