3 июнь куни Агробанк ўз экотизими доирасидаги “Agromarkaz” қишлоқ хўжалигидаги сервислар ва “Agrozamin - O‘zimizniki” платформаси лойиҳалари тақдимотини ўтказди.

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда ўзининг ҳиссасини қўшаётган банк томонидан яратилган “Agromarkaz” лойиҳаси қишлоқ хўжалигидаги барча зарур хизматларни жамлаб, соҳадаги жараёнларни янада мослашувчан ҳолга келтиради. “Agrozamin - O‘zimizniki” платформаси эса бутун мамлакат бўйлаб қишлоқ хўжалиги соҳаси, жумладан томорқа ер эгалари учун хизмат қилади.

“Агробанк” АТБ бошқарув раиси ўринбосари Эркин Қаҳҳоровнинг айтишича, банк ўз олдига фермерлар ва аҳолига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва уларни сотишда маркетплейс усулида хизмат кўрсатишни мақсад қилган: “Биз шу вазифаларни тизимли ташкил этиш мақсадида жамоамиз томонидан “Agrozamin - O‘zimizniki” платформасини ишлаб чиқдик. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда бир нечта босқичларни босиб ўтишга тўғри келади. Яъни ерга ишлов беришдан бошлаб тайёр маҳсулотни сотишгача бўлган даврни. Ана шу жараёндаги хизматларни кўрсатишни  “Agromarkaz” бажаради. Бунинг учун қаергадир бориш, вақт сарфлаш шарт эмас. Онлайн платформада ўз ҳудудини белгилаш орқали ўша ердаги марказни топади ва мобил бригадалар керакли ёрдамни тақдим этади”.

“Agromarkaz” - шахсий томорқа хўжаликлари эгалари учун хизматларни таклиф этадиган комплекс хизматлар маркази ҳисобланади. Марказ хизматларидан: 

  • томорқа ер эгалари;
  • деҳқонлар;
  • фермер хўжаликлари ва кластерлар ҳам фойдаланиши мумкин.  

“Agromarkaz”нинг асосий фаолияти қуйидаги йўналишлар бўйича бўлимларни ўз ичига олади:

  • Agrolab - ўсимлик ва тупроқ диагностикаси бўйича замонавий лаборатория. Ер унумдорлиги, озиқ моддаларнинг етиб бориши ва ўсимликлар томонидан ўзлаштирилиш даражаси, намликнинг мавжудлиги, ўсимликларни турли ҳашаротлардан ҳимоя қилиш ва уларни зарур маҳсулотлар билан таъминлаш каби хизматларни кўрсатади;  
  • Агромаркет - қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари дўкони.