Андижоннинг Булоқбоши тумани “Қақир” МФЙ Тошкон кўчасида яшовчи фуқаролар бир неча йилдан буён чанг ютиб яшашга мажбур бўляпти. Мурожаатлар – самарасиз. Фермернинг эса зарарлари ҳисобга олинмаяпти.

Тош конидан тошларни ортиб ўтаётган юк машиналаридан чиққан чанг аҳолининг хонадонларигача кириб бормоқда. Бундан ташқари, чанг йўлларни ҳам яроқсиз ҳолга келтирган. Кунига 5-6 марталаб сув сепилмаса, чангдан юриб бўлмай қолади.

Бир кунда маҳалладан ўтадиган мана шундай тош ортилган юк машиналари юздан ортиқни ташкил қилади. Қизиқ жиҳати, аксарият юк машиналарида меъёридан ортиқ тош юкланганини кўриш мумкин. Бу эса маҳалла аҳлига яна бир хавф туғдирмоқда.

Маҳалла фаоли Рустамжон Шерматовнинг айтишича, одамлар болаларини боғчага ҳам олиб бориша олмаяпти.

Рустамжон Шерматов

“300 га яқин аҳоли истиқомат қилади. Ўта заҳарли чанг бу. Қуртбоқарлар ва фермерларнинг қурти ўлиб қоляпти. Моллар тут баргларини еб ўлиб қоляпти, бола ташлаб қўйяпти”, – дейди у.

Мактабга қатнайдиган ўқувчилар, ишга борадиган ишчилар ҳар куни кийим бошларини тозалашга мажбур бўлишади. Юк машиналар қатнови туфайли болалар кўчага ўйнагани ҳам чиқиша олмайди. Айниқса, қиш кунларида аҳолига янада қийин бўлади.

Шунингдек, чанг туфайли пахта ва ипак қурти етиштиришда қатор муаммолар юзага келмоқда. Ушбу маҳаллада фермерлик билан шуғулланувчи Сайфиддин Қорашевнинг таъкидлашича, ғўза баргига чанг сабабли касаллик тушган. Бу эса унинг харажатларини икки баробарга оширмоқда.