Россиядаги «Россотрудничество» («Росҳамкорлик») давлат корхонаси раҳбари ўринбосари вазифасида ишлаб келган Наталья Поклонская лавозимидан озод қилинди.
«Россия президенти Владимир Путин бошқа ишга ўтишим муносабати билан «Россотрудничество» раҳбарининг ўринбосари лавозимидан четлатилишим тўғрисида фармон имзолади. Президентимизга ишонч ва қўллаб-қувватлов учун миннатдорлик билдираман», деб ёзган Қрим собиқ прокурори Telegram-каналида.
Президент фармонида Поклонскаянинг истеъфоси сабаби келтирилмаган, унинг ўзи эса қарор у бошқа ишга ўтаётгани муносабати билан қабул қилинганини айтган. У айнан қандай ишга ўтаётганига аниқлик киритмаган.
Рус нашрларида аллақачон Поклонская ҳақида танқидий мақолалар чоп этилиб, унинг урушни қўлламаганлар қаторида бўлгани танқид билан эсланди.
Бир ой муқаддам Германиядаги Der Freitag нашрига берган интервюсида Поклонская «раҳбарият қанчагача рухсат берса» шунча вақт давомида «Россотрудничество»да ишлашини, чунки у бу орқали одамларга ёрдам бериши мумкинлигини айтганди.
Владимир Путин Поклонскаяни «Россотрудничество» раҳбари ўринбосарлигига 2 феврал куни тайинлаганди. Идорада у ватандошлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан машғул бўлган.
«Наталья Владимировна фаолияти давомида ватандошлар ҳуқуқлари учун қўрқмас ва самарадор курашчи эканини намойиш этиб, инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланган, Украинанинг озод этилган ҳудудларига [Россия ҳукумати уруш вақтида босиб олинган ҳудудларни шундай атайди - таҳр. BBC], гуманитар ёрдамлар етказиб берди ва бизнинг ҳарбий асирларимиз ватанга қайтиши учун жуда кўп иш қилди», дейилади идоранинг телеграм-каналида.
Наталья Поклонская Украинадаги урушни қўлламаган кам сонли россиялик расмийлардан бири бўлди.
Апрел ойи охирида у «Живой гвоздь» лойиҳаси журналистига берган интервюсида Z ҳарфи Россия учун ҳам, Украина учун ҳам фожиа ва қайғу рамзига айланганини айтганди.
«Ҳа, чунки рус аскарлари ҳам ҳалок бўлмоқда ва ота-оналар турлича хабарлар олишмоқда. Бу - фалокат. Ахир мудофаа вазирлиги шунча одам ҳалок бўлгани, шунча одам яраланганини айтмоқда. Ахир бу қувончлими? Йўқ», - деганди у.



















