Қирғизистонликларни Украинага қарши урушга ёллаш билан шуғулланганликда айбланаётган Ўшдаги “Рус уйи” ходими ва бошқа гумондорлар Россия расмийларининг аралашувидан кейин тергов изоляторидан қўйиб юборилди. Уларга нисбатан эҳтиёт чораси уй қамоғига ўзгартирилган.
Қирғизистонда Россия армиясига ёллаш билан шуғулланганликда айбланган “Рус уйи” ходими ҳибсхонадан қўйиб юборилди.
Бу – Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари ва Россия элчиси ўртасидаги учрашувдан сўнг юз берди.
Ўтган ҳафта Ўш шаҳрида жойлашган “Рус уйи” ходими Наталя Секерина ва яна уч киши қирғизистонликларни Россия армиясига ёллаш билан шуғулланганликда айбланиб ҳибсга олинган ва суд уларни 17 июнгача ҳибсда сақлашга қарор қилган эди.
Маълум бўлишича, 25 апрел куни ушланганлардан икки нафари, хусусан Наталя Секеринага нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси уй қамоғига ўзгартирилган. 28 апрелда қолган икки гумонланувчи ҳам тергов изоляторидан қўйиб юборилиб, уй қамоғига ўтказилган.
Бундан олдин, Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Тошиев Россиянинг Қирғизистондаги элчиси Сергей Вакунов билан учрашгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Қирғиз матбуотига кўра, 25 апрел куни бўлиб ўтган учрашувда тергов қилинаётган ноқонуний ёллаш иши муҳокама қилинган.
Наталя Секерина – Қирғизистон фуқароси. У “Рус уйи”да штатдан ташқари ходим бўлиб ишлаган. Ундан ташқари, ноқонуний ёллаш иши бўйича Ўш ҳокимлиги матбуот хизмати ходими Сергей Лапушкин, россиялик блогер Виктор Василев ва исми ошкор этилмаган яна бир шахс ҳам айбланмоқда.
Иш Қирғизистон Жиноят кодексининг 416-моддаси билан очилган. Бу моддага кўра, бошқа давлатларнинг қуролли можароларида ёки давлат ҳокимиятини ағдариш ёки ҳудудий яхлитлигини бузишга қаратилган зўравонлик ҳаракатлари учун аскар ёллаш, уларни молиялаштириш, моддий таъминлаш, тайёрлаш тақиқланади. Бу модда бўйича айбдор деб топилганлар 7 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилинади.
Мазкур жиноят ишининг очилиши Москвадаги жамоат ҳаммомида қирғизистонликлар таҳқирланиши ортидан рўй бергани бу гўёки Қирғизистоннинг жавоб чораси экани ҳақидаги гумонларга сабаб бўлди. Аммо айрим қирғиз нашрлари бу икки ҳолат ўртасида боғлиқлик йўқлигини ёзиб чиқди.
“Рус уйи” қандай ташкилот?
















