Жамият | 09:15 / 16.06.2022
29634
3 дақиқада ўқилади

«Ҳар биримиз аёлларга нисбатан зўравонликка йўл қўйиб бўлмаслигини англашимиз зарур» – Саида Мирзиёева тўйда келинни урган куёв воқеаси ҳақида

Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари, Ўзбекистон Гендер тенглигини таъминлаш бўйича комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева Сурхондарёдаги тўйда келинни урган куёв воқеаси бўйича ўз муносабатини билдирди.

Фото: Масс-медиа фонди

Қайд этилишича, келинни, танловда ғолиб бўлишга журъат этгани учун, тўйда урган куёв видеоси жамиятда катта резонанс уйғотди.

«Бу ҳодиса қаерда содир бўлгани муҳим эмас, ўзимиздами ёки қўшни юртдами, икки кун олдинми ёки икки йилми - фарқи йўқ. Бу жирканч вазиятга бизнинг муносабат муҳим», деб ёзади Саида Мирзиёева.

Унинг таъкидлашича, агар бу ҳодиса кишини ва унинг атрофидагиларни ғазаблантирган, ҳайратга солган бўлса, демак атрофида соғлом жамоа бор.

«Мабодо «аёл эркакка ён босиши шарт», «ўзи айбдор, тили узун бўлса керак» каби гапларни эшитаётган бўлсангиз, мана бу ҳақиқий фалокатдир.

Биз ҳаммамиз ривожланган, маданиятли юртда, бой ва бахтли яшашни хоҳлаймиз. Демак, ҳар биримиз аёлларга нисбатан зўравонликка йўл қўйиб бўлмаслигини англашимиз ва шу қарашда қатъий туришимиз зарур. 

Бундай ҳолатларни хотиржам кузатиш, бир-бир бўлиб туради-да, деб оддий қараш мумкин эмас.

Ва калтабин куёвтўрани қоралаб, келинга раҳмимиз келар экан, ўз фарзандларимизга нисбатан ҳам шундай муносабатда бўлмаслик, яъни мактабни битиргач ўқишни тақиқламаслик, иложи борича тезроқ турмушга беришга ёки уйлантиришга ҳаракат қилмаслик, ўз ақли билан яшашга рухсат бериш муҳимдир», дейди Саида Мирзиёева.

Унинг айтишича, айнан шу боис истиқболли кенг йўлларни очадиган, аёлларни мустақил ва кучли қиладиган таълим зарур. Таълим ҳаётни қандай ўтказишни танлаш имконини беради.

Маълумот учун, аввалроқ ижтимоий тармоқларда келин-куёв тўй маросимида қандайдир ўйин ўтказилгани, унда ютқазиб қўйган куёв мағлубиятга чидай олмай келиннинг бошига ургани акс этган видео тарқалганди. 

Kun.uz ҳодиса тафсилотларига ойдинлик киритиш мақсадида мутасадди вазирлик ва идоралар билан боғланди. Масъул ходимларнинг саъй-ҳаракатлари ва рўй берган ҳолатга бефарқ бўлолмагани сабабли келин ва куёв топилди.

Тўй 6 июнь куни Сурхондарё вилояти Узун туманида бўлиб ўтган. 1997 йилда туғилган куёв 2003 йилда туғилган келин никоҳ тўйи маросимида қоғозга ўралган ширинликни ким биринчи бўлиб очиш бўйича мусобақалашган. Ўйинда келиннинг омади келган ва у биринчи бўлиб ширинликни очган. Бундан жаҳл отига минган куёв келинга бир маротаба тарсаки туширган.

Ҳолат юзасидан Узун тумани ИИБ томонидан фуқаро Х.Р. (куёв)га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 183-моддаси (майда безорилик) билан маъмурий иш қўзғатилиб, тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқиш учун судга юборилган. Бундан ташқари, куёв ва келин ҳамда уларнинг ота-оналари билан профилактик суҳбат ўтказилган.

Мавзуга оид