Бундан 30 йил олдин Ўзбекистон миллий жамоаси Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида мезбонларга қарши майдонга тушди. Марказий Осиё Кубоги доирасидаги баҳс миллий жамоамиз тарихидаги илк халқаро ўйин эди. Оғир сиёсий-иқтисодий вазият туфайли фуқаролар уруши остонасида турган Тожикистонда бундай даражадаги беллашувнинг ўтказилиши катта таваккалчилик, ақлбовар қилмас иш бўлган. «Қалтис вазиятдаги дебют» ўйини ўзбекистонликлар устунлигида ўтди, аммо муваффақиятли якунланишига 5 дақиқа етмади. 

Миллий жамоанинг «туғилиши» 

1991 йил 1 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги эълон қилинди. Шу йили декабрь ойида собиқ СССР таркибига кирувчи республикалар Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигини (МДҲ) тузиш ҳақида келишувни имзоладилар. Унга аъзо мамлакатларнинг футбол федерациялари 1992 йилда клублар ўртасида МДҲ чемпионатини ташкил этиш ғоясини илгари суришди. Турнирда Ўзбекистондан «Пахтакор», «Нефтчи» ва «Навбаҳор» клублари ҳам иштирок этиши режалаштирилаётган эди. Бироқ, бу ғоя турли сабабларга кўра ҳаётга татбиқ этилмай қолди. 

1992 йил 31 январь куни Ўзбекистон футбол федерацияси (ЎФФ) ижроқўмида Ўзбекистон миллий ва олимпия жамоаларини ташкил этиш, уларга мураббийларни тайинлаш ҳақида қарор қабул қилинди. Демак ушбу санани миллий жамоамиз туғилган сана деб бемалол айтиш мумкин. 

Марказий Осиё Кубоги ғояси 

МДҲ чемпионати режаси барбод бўлгач, Марказий Осиё давлатлари федерацияларида Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистон клублари иштирокида чемпионат ўтказиш ғояси туғилади. Аммо оғир иқтисодий вазият туфайли унинг ўтказилиши имонсиз деб топилган. Шундан сўнг, ЎФФ миллий ва олимпия жамоалари иштирокидаги турнир ғоясини илгари сурган, уни барча федерациялар қўллаб-қувватлаган. 

Журналист Сергей Гапич сўзларига кўра, федерациялар вакиллари Қозоғистоннинг Шимкент шаҳрида мусобақа тақвимини тасдиқлаш учун тўпланишган. Бироқ, авиачипталар нархининг кескин кўтарилиши, молиялаштириш билан боғлиқ муаммолар туфайли айрим федерацияларнинг бундай форматда иштирок эта олмаслиги аён бўлган. Шундан сўнг, фақат миллий жамоалар иштирокида, гуруҳ босқичидан иборат, уй-сафар ўйинлари тизимида турнир ўтказишга келишиб олишган. 

1 июнь куни Марказий Осиё Кубоги старт олди ва дастлабки ўйинда Қозоғистон миллий жамоаси ўз майдонида Туркманистонни 1:0 ҳисобида мағлуб этди. 

Миллий жамоанинг илк ўйини