Тадбир якунида вазир журналистларнинг соҳага оид бошқа қатор саволларига ҳам жавоб берди.

Kun.uz:

Университетларнинг бугун 2 асосий вазифаси бор. Биринчиси – дарсликлар чиқариш ва халқни саводли қилишга ҳисса қўшиш.

Иккинчиси – сифатли кадрлар тайёрлаш ва уларнинг ғояларини хорижга сотиш орқали мамлакат ривожланишига ҳисса қўшиш. Хўш, сиз вазир бўлиб келгандан буён ўзбек ОТМларида қилинган қандай ғоялар хорижга сотилди?

— Бизнинг энг катта ютуқларимиздан бири –  ҳозир Ўзбекистонда очилган хорижий ва хусусий олий таълим муассасалари билан давлат олий таълим муассасалари ўртасида рақобат вужудга келгани.

Мен бу саволингизга давлат олий таълим муассасаларидан Тошкент давлат иқтисодиёт университетини мисол қилиб келтираман. Ҳозир у ерда Лондон университетининг қўшма дастурлари очилди, шунингдек, “Пирсон”нинг эътирофлари бўляпти.

Юридик университетда, ирригацияда натижалар жуда катта. Ҳудудларга келсак, Самарқанд ва Урганч давлат университетида бўлаётган ишлар таҳсинга лойиқ. Умуман, ҳаракат қилмаётган университет йўқ. Фақат кўп йиллик муаммолар йиғилиб қолган. Биласизми, буни нимага ўхшатаман? Дейлик, бирор сурункали, масалан, қанд касали бор бемор шифокорга олиб борилса, аввал унинг қанд миқдори пасайтирилади ва кейин муолажа қилинади.

Бугунги қабуллар мисолида ҳам олий таълимга доғ бўлган коррупция ва таниш-билишчилик ҳолатларини ўйлашимча, юз фоиз ҳал қилиб олдик. Тараққиёт бўлиши учун булар бўлмаслиги керак эди.

Ўтган йили президентимиз ректорларнинг кўплаб муаммоларини эшитди ва уларни ҳал қилиш бўйича барча шароитни яратиб берди. Энди тараққиёт катта босқичда бўлади.

Бир мисол, яқинда Миллий университетда талабалар билан учрашарканман, улар менга нега ўқитувчилар чет элга боради-ю, биз бормаймиз, дея савол берди.

Биз шу жойда қарор қабул қилдикки, энди ректор, проректор, кафедра мудири чет элга борса, ўзи билан камида беш нафар талабани олиб кетиши керак.

Талабалар жуда билимли, улар ёняпти. Қайтараман, ишламаётган ОТМ йўқ, ишламаётган ректор бор.