Ўзбекистон | 11:04 / 19.06.2022
39813
3 дақиқада ўқилади

Ҳайдовчи аёл машинасида ўзи ва фарзандларини 6 соат “қамал” қилди

18 июн куни Оқдарё туманида у олти соат давомида машинадан тушмай, ЙПХ ходимларининг талабларини бажармаган. Аёл автомобилни рақамсиз бошқарган ва тўхташ ишорасига бўйсунмаган.

Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати бу ҳақда Kun.uz’га маълум қилди. 

Kun.uz жамоаси воқеа жойига бориб, ҳолатни тасвирга олди.

Маълум бўлишича, Даҳбед массивида хизмат қилаётган ЙПХ ходими соат 10.30 ларда рақамсиз қора “Ласетти”ни тўхтатган. Бироқ ҳайдовчи унинг талабига бўйсунмай, ҳаракатни давом эттирган. Машина М37 йўлининг 9 километрида мажбурий тўхтатилган.

Аёл машина тўхтатилгандан сўнг ҳам ҳужжатларини ЙПХ ходимларига тақдим этмаган. У Бухоро вилоятидан чиқиб, Тошкентга кетаётгани ва йўлда ЙПХ ходимлари тўхтатиб, қўйиб юборганини айтган.

Машинани тўхтатган сафдор Муҳаммад Болиевнинг айтишича, аёл талабга бўйсунмагач, ИИБ ўз хавфсизлик хизмати, Оқдарё туман прокуратураси вакиллари келиб тушунтириш олиб борган. Ҳайдовчи шунда ҳам ҳужжатларини тақдим этмай, фарзандларини қулфланган машинадан туширмай ўтираверган.

ЙПХ ходими ичкарида ёш болалар бўлгани ва ҳайдовчининг аёл киши эканини ҳисобга олиб, машинани мажбурий тартибда жарима майдончасига олиб бориш учун ҳеч қандай куч ишлатилмаганини айтмоқда.

Воқеа жойига тез тиббий ёрдам ходимлари ҳам етиб келди.

Ҳайдовчи расмийлаштирилган далолатномага имзо қўймай, уни йиртиб ташлагани маълум қилинди.

Аёл қарийб етти соатлик музокаралардан сўнг машинани жарима майдончасига олиб боришга розилик билдирди.

Жарима майдончасига олиб борилган машина холислар иштирокида кўздан кечирилди. Машинадан ҳеч қандай ноқонуний нарса топилмади. Давлат рақами машина юкхонасида бўлиб, ҳайдовчи уни тақмай ҳаракатланган. Аёл далолатномага имзо қўйишдан бош тортгач, баённома расмийлаштирилди.

Ҳайдовчи йўл ҳаракати қоидаларининг 7, 39, 175-бандларини бузган деб топилиб, унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди.

Ҳайдовчи Г.Р. ЙПХ ходимидан Ички ишлар вазирлигида ишловчи қариндошлари борлиги ва улар билан гаплашиб, машинани қўйиб юборишини талаб қилган.

Исомиддин Пўлатов, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи ва монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов.

Мавзуга оид