Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасига кўра, вилоятлар, туманлар ва шаҳарларда ижро этувчи ва вакиллик ҳокимияти органлари бир-биридан ажратилади.
Бу борада 99-, 100- ва 101-моддаларга ўзгартишлар киритиш кўзда тутилмоқда. Унга кўра:
- Ҳудуддаги ижроия ҳокимиятига вилоят, туман ва шаҳар ҳокими бошчилик қилади.
- Халқ депутатлари кенгашига унинг депутатлари орасидан қонунга мувофиқ сайланадиган раис бошчилик қилади.
- Кенгашлар ва ҳокимлар фаолиятини ташкил этиш қонун билан тартибга солинади.
- Кенгашларнинг ваколат муддати – 5 йил.
Лойиҳада маҳаллий кенгаш раисини ким сайлаши масаласи қисман очиқ қолган. Яъни раисни кенгаш депутатлари ўзаро ички овоз бериш орқали сайлайдими ёки маҳаллий депутатлик сайловлари вақтида кенгаш раиси ҳам халқ томонидан сайланадими – бу масалага етарлича аниқлик киритилмаган.
“Халқ депутатлари кенгашлари депутатларининг сайлови тартиби қонунда белгиланади”, деган банд киритилган қонун лойиҳасига. Бундан келиб чиқадики, маҳаллий кенгаш раисини ким сайлаши (депутатларми ёки бевосита аҳоли) масаласига тўғридан тўғри Конституцияда эмас, тегишли қонунда тўла ойдинлик киритилади.
Айни пайтда бош қомуснинг 117-моддасига ҳам тузатиш киритиб, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашларига сайлов ўтказиш Марказий сайлов комиссиясининг ваколатига киритилиши кутилмоқда. МСК ваколатлари доирасида “кенгаш раиси сайлови” деган тушунча йўқ.
Конституцияда маҳаллий кенгашларнинг ваколатларини қуйидагича белгилаш таклиф этиляпти:
- ҳудудни ривожлантиришнинг истиқболга мўлжалланган дастурларини, туман, шаҳарнинг бош режасини ва уни қуриш қоидаларини ҳокимнинг тақдимига биноан тасдиқлаш;
- тегишли маҳаллий бюджетларни ҳокимларнинг тақдимига биноан кўриб чиқиш ва қабул қилиш, ушбу бюджетларнинг ижро этилиши тўғрисидаги ҳисоботларни тасдиқлаш;
- маҳаллий солиқлар ставкаларини ва бошқа мажбурий тўловларни қонунчиликда белгиланган миқдорлар доирасида белгилаш;
- бюджетдан ташқари жамғармаларни шакллантириш;
- ҳокимни ва унинг ўринбосарларини лавозимга тасдиқлаш, уларнинг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни эшитиш;










