Тошкент вилоятидаги Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси директори Анвар Ҳусанов муассасадаги бемор болалар ва ҳомиладор аёллар ҳақида маълумот берди.

«Биламизки, коронавирус ўта юқумли хасталик бўлиб, бошқаларга қараганда ҳомиладор аёллар уни юқтиришга анча мойил. Сабаби бўлажак оналарда ҳомиладорлик туфайли иммунитет пасайиб кетади. Қолаверса, ушбу инфекция болаларни ҳам тез-тез зарарлайди.

Хусусан, ҳозирги кунда шифохонамизда даволанаётган беморларнинг 155 нафарини болалар, 23 нафарини чақалоқлар ташкил этади. Жонлантириш бўлимида 4 нафар бола шифокор ва ҳамширалар назорати остида даво муолажаларини олмоқда», — дейди шифокор.

Шунингдек, муассасада 170 нафар ҳомиладор аёл ҳам даволанмоқда. Жорий йил бошидан буён шифохонада 147 нафар чақалоқ туғилган.

Маълумот учун, ўтган йили ушбу муассасада 442 нафар чақалоқ дунёга келган.

  • Ўзбекистонда июн ойининг иккинчи ярмида коронавирусга чалиниш ҳолатлари орта бошлади. 18 июн куни феврал ойидан буён илк бор кунлик ҳолатлар сони 100 дан ошди (+108). Кейинги беш кунликда кунлик ҳолатлар сони 100 дан камроқ бўлди, аммо 25 июн куни яна 100 дан ошиқ ҳолат (+119) қайд этилди.
  • Шаҳар ҳокими қарори билан, Тошкент шаҳрида коронавирусни даволашга ихтисослашган махсус поликлиникалар фаолияти қайта йўлга қўйилмоқда.