26 июн куни ОАВ ходимлари ва блогерлар ўртасидаги «Заковат» турнирида учинчи ўрин учун ва финал ўйинлари ўтказилди.

Бу босқич ўйинларида бир тур 10 та саволдан иборат бўлиб, максимум уч тур давом этиши мумкин эди. Ҳар икки ўйинда ҳам уч турдан ўйналди.


Дастлаб Creative team «Фиеста»га қарши беллашди. Бу баҳснинг биринчи турида «Фиеста» 4:2 ҳисобида устун келганди, лекин кейинги икки турда 1:4 ва 0:4 ҳисобларида мағлубиятга учради ва учинчи ўрин Creative team жамоасига насиб этди.


Турнир ғолиблиги учун эса икки юлдузли жамоа Energy ва «Миллион илинжида» муросасиз баҳс олиб борди. Бу баҳснинг барча турлари шиддатли кечди, биринчи турни Нурбек Алимов бошчилигидаги «Миллион илинжида» ўз фойдасига ҳал қилаётганди, жамоа 3:1 ҳисобида олдинга ўтиб олганди, аммо Energy етакчиларидан бири Муҳрим Аъзамхўжаев учта савол жавобини топди ва бу турда жамоаси ғолиблигини таъминлади.

Кейинги турда эса «Миллион илинжида» 4:2 ҳисобида устун келди.

Ҳал қилувчи тур эса драматик кўриниш олди. Олти савол ўйналганидан кейин Energy 3:0 ҳисобида олдинга чиқиб олди, бу вазиятда қолган тўрт турда «Миллион илинжида» тўрт очко олиши талаб этиларди. Жамоа бунга жуда яқин келди, жамоа етакчиси Нурбек Алимов қаторасига уч саволни топди, аммо сўнгги савол жавоби Energy жамоаси вакилидан янгради - 3:4.



















