Луганск областининг Украина назоратида қолаётган ҳудудлари учун жанглар апрел ойидан буён давом этмоқда. Украина қуролли кучлари доимий қуршовга тушиб қолиш хавфи борлигига қарамай, 10 ҳафтадан ортиқ вақт мобайнида душман йўлини тўсиб туришга муваффақ бўлди. Кўпчилик (жумладан Украинада ҳам) йирик йўқотишлардан сақланиш учун қўшинларни олиб кетишни тавсия қилди, аммо қўмондонлик мудофаани кучайтиришга қарор қилди ва Лисичанск ҳамда Северодонецк ҳудудига қўшимча кучлар юборди. Россия армиясининг 21 июн куни Лисичанск жанубида уюштирган навбатдаги юришини тўхтатиш имкони бўлмади. Эндиликда украин қўшинлари ўта оғир шароитларда қарийб тўла қуршовга олинган Северодонецк ва Лисичанскнинг жанубдаги ҳудудларидан кетишга ҳаракат қилмоқда. Катта эҳтимол билан, улар бутун Лисичанскни ҳам тарк этишига тўғри келади. Чекиниш чоғидаги йўқотишлар қандай бўлиши ва Украина армияси янги позицияларда барқарор фронт тиклай олиши Россия армияси муваффақиятини қандай ривожлантиришига боғлиқ.

Россия армияси жангларда қандай тактика қўллади?

Апрел ойи бошида Россия раҳбарияти Донбасс учун жанг бошланганини эълон қилганди, бу Кремл учун қийин кечаётган урушда бурилиш нуқтаси бўлиши кўзда тутилганди. Россиялик қўмондонлар қаршисида осон бўлмаган стратегик вазифа турарди: куч ва вақт етишмаслиги шароитида зафарли операция олиб борилиши керак эди (бу вақтда украин армияси аҳолининг сафарбар қилиниши ва Ғарбдан қуроллар етказиб берилиши ҳисобига мустаҳкамланаётганди).

  • Кучлар етишмовчилиги Россия Бош штабини эҳтиёткор бўлиш ва қўшинлар олдига ортиқча амбицияли мақсадлар қўймасликка мажбур қилди.
  • Вақт етишмаслиги Донбассда Украина қўшинларининг имкон қадар каттароқ гуруҳларини қуршаб олишга қаратилган қатъий операциялар ўтказишни талаб этарди. 
  • Шу билан бирга Россия армияси артиллерия борасида Украинадан яққол устунлиги кўриниб турарди (қўшинлардаги ҳарбийлар сони борасида ортда қолса-да). Шундай қилиб, жанглар шароитида артиллерияни бошқа жойларга кўчириш жуда мураккаблигини инобатга олган ҳолда, жанглардан олдин артиллерия қисмларини асосий участкалар йўналишида жамлаш талаб этиларди.

Россия қўмондонлиги якунда «фронтни парчалаш», яъни Украина армиясини кетма-кет ўтказиладиган кичик кўламли амалиётлар билан ҳолдан тойдириш ва мудофаани тўзғитишни назарда тутувчи консерватив стратегияни танлади.