Конституцион ислоҳотлардаги кутилмаган оғриқли нуқтага айланиб қолган Қорақалпоғистон масаласи ечими турлича бўлгани ҳолда энг муҳим шартлар ўзгармас қолиши лозим эди – бу ҳам бўлса давлатнинг ҳудудий яхлитлиги муҳокама қилинмаслиги, ўзбеклар ва қорақалпоқлар аслан бир халқнинг икки қаноти экани ҳамда азалий бирдамлик давом этиши.
Афсуски, бу масалани ўзгача тушунган, провокацияга учган, тинчлик қадрини унутиб қўйган бир гуруҳ одамларнинг кўчаларда тўпланиб вазиятни қалтис нуқтага етаклади. Маълумки, ўзини ҳурмат қилган ҳар қандай давлат айирмачилик руҳидаги чиқишларга чидаши мумкин, аммо бунинг ортидан келиб чиқадиган тартибсизликларга йўл қўя олмайди, фуқаролар хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитликни сўроқ остида қолдирмайди.
Кўча тартибсизликлари давом этиши билан вазият бутун мамлакат миқёсидаги жиддий масалаларда сўнгги нуқтани қўювчи шахс – Ўзбекистон президентининг бевосита аралашувини талаб қила бошлади.
Шавкат Мирзиёев прагматик сиёсатчи эканини яна бир марта кўрсатган ҳолда, муҳим ва қатъий қадамни қўя олди. Нукусга, воқеалар марказига бориб, барча масалаларни бирма-бир муҳокама қилди ва аниқ ечимни ўртага ташлади: Конституциянинг Қорақалпоғистонга оид моддалари ўзгаришсиз қолдирилади.

Давлат раҳбарининг аҳолига мурожаати қуйидагича жаранглади:
“Азиз ватандошлар!
Ҳурматли Қорақалпоғистон халқи!
Маълумки, шу кунларда мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича умумхалқ муҳокамаси давом этмоқда.
Албатта, конституциявий ислоҳотларимиз Ватанимизнинг бугунги ва келажак ҳаёти учун ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлган масаладир.
Муҳокамаларда кўпмиллатли халқимиз ўзининг кўплаб таклиф ва тавсияларини билдирмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги эълон қилинган Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасидан ўтказилади. Шундан сўнг фуқаролар томонидан билдирилган фикр ва мулоҳазалар асосида Қонунчилик палатаси томонидан такомилига етказилади.
Кейин эса мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси референдумига қўйилиб, фуқароларимиз эркин овоз бериш орқали ўзларининг бу масала бўйича хоҳиш-иродасини ифода этади.













