3 июлга ўтар кечаси Белгород шаҳри марказида рўй берган давомли портлашлар оқибатида уч киши ҳалок бўлиб, тўрт киши яраланган, шунингдек, ўнлаб турар жой бинолари шикастланган.

Якшанбага ўтар кечаси ОАВда Белгороддаги портлашлар ва унинг оқибатлари акс этган видеокадрлар тарқалди, видеоларда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари фаолияти изларини ҳам кўриш мумкин. Регион губернатори қурбонлар ва вайронгарчиликлар ҳақида хабар берган, аммо бу ҳолат қандай рўй берганига аниқлик киритилмаган.

Белгород области раҳбари Вячеслав Гладковнинг сўзларига кўра, шаҳарда маҳаллий вақт билан соат 3:00 атрофида «кучли овозлар серияси» рўй берган. Кейинроқ у камида уч киши ҳалок бўлиб, тўрт киши яралангани ҳақида хабар берди - ярадорлар орасида оғир аҳволдаги катта ёшли киши ва 10 ёшли бола ҳам бор.

Гладковнинг маълум қилишича, жами 11 та кўп қаватли уй ва 30 дан ортиқ хусусий уйлар шикастланган, бешта хусусий уй вайрон бўлган. Уйлар нима сабабдан вайрон бўлганига аниқлик киритмаган.

Гладков жабрланганларга барча ёрдам кўрсатилишини айтган.

Baza телеграм-каналининг ёзишича, Маяковский кўчасидаги уйлардан бирини тозалаш чоғида яна икки кишининг жасади топилган. Ҳозирча бу маълумот расман тасдиқланмади.

Курск области губернатори Роман Старовойт тунда Курскка томон ҳаракатланган украинларнинг иккита «Стриж» русумли учувчисиз учиш қурилмалари ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари орқали уриб туширилганини хабар қилди. Унинг сўзларига кўра, ҳодиса оқибатида жабрланганлар йўқ.

«Афсуски, Белгородда вазият бошқача. Душман ҳужуми оқибатида тинч аҳоли орасида ҳалок бўлганлар ва яраланганлар бор, тинч фуқароларнинг уйлари вайрон бўлган», дея қўшимча қилган у.

Россиялик сенатор Андрей Клишас Белгороддаги ҳодисада Украина томонидан «энг қатъий, жумладан ҳарбий жавоб»ни талаб этадиган «тажовуз акти» содир этилганини айтиб чиқди.

Украина ҳукумати ҳозирча бу айбловга муносабат билдирмади.