АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф 3 ноябр, сешанба куни X ижтимоий тармоғида музокараларнинг янги раунди ҳақида маълум қилди.
Унинг билдиришича, учрашув ишчи гуруҳлар даражасида ўтказилади. Музокаралар АҚШ президенти Доналд Трампнинг Россиянинг Украинага қарши урушини тугатишга қаратилган саъй-ҳаракатлари доирасида ташкил этилмоқда.
«Муҳокамалар урушдан кейинги хавфсизлик, кескинликни пасайтириш, гуманитар ташаббуслар ва тинчлик сари кейинги қадамларга қаратилади», — деб ёзди Уиткофф.
Махсус вакилнинг маълум қилишича, америкалик музокарачилар шу ҳафта Брюсселда Франция, Германия, Буюк Британия, Европа Иттифоқи ва НАТО вакиллари билан ҳам учрашади.
Брюсселдаги мулоқотда Украина учун хавфсизлик кафолатлари, Европанинг урушдан кейинги хавфсизлик тизими ва Украинани тиклашга иқтисодий кўмак бериш имкониятлари кўриб чиқилади.
Уиткофф аввалги учрашувларда эришилган натижаларни мустаҳкамлашга умид билдирди. Унинг таъкидлашича, мақсад келажак авлодлар учун узоқ муддатли хавфсизликни таъминлайдиган кенг қамровли ва барқарор тинчлик келишувига эришишдир.
«Биз келажак авлодлар учун узоқ муддатли хавфсизликни таъминлайдиган кенг қамровли ва барқарор тинчлик келишуви йўлида Киев, Осло ва Санкт-Петербургда эришилган натижаларни мустаҳкамлашга умид қиляпмиз», — деди у.
Октябр ойида Уиткофф Ослода Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашган эди. Шундан сўнг у Санкт-Петербургга бориб, Россия президенти Владимир Путин билан музокара ўтказди.
DW хабарида қайд этилишича, Россия ва Украина ўртасида АҚШ воситачилигидаги аввалги музокаралар раунди 2026 йил феврал ойида бўлиб ўтган. Бу АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши бошланишидан сал олдинга тўғри келган.












