Ўзбекистон | 12:40 / 04.07.2022
28946
2 дақиқада ўқилади

Нукусдаги тартибсизликларда қатнашганликда гумонланиб, 500 дан ортиқ киши қўлга олинди

Суриштирув давомида маъмурий чоралар қўлланилган айрим фуқаролар қўйиб юборилаётгани таъкидланди.

Фото: АОКА

1-2 июл кунлари тартибсизликларда қатнашгани учун воқеа жойларда ушланган 516 нафар фуқаро ИИБга топширилди. Бу ҳақда душанба куни Миллий гвардия ахборот хизмати раҳбари Даврон Жуманазаров маълум қилди. Унинг таъкидлашича, улар билан суриштирув ишлари олиб бориляпти, суриштирув натижасига кўра айримлари маъмурий чора қўлланганидан сўнг қўйиб юбориляпти.

Комендантлик тартибини бузгани учун 110 нафар фуқаро ички ишлар идораларига топширилган. 12 та автотранспорт воситаси жарима майдончасига жойлаштирилган.

Хусусан, Нукус шаҳрида патруллик хизмати давомида комендантлик соатига риоя қилмаган 58 нафар шахс ушланган. Шундан 28 нафар шахсга нисбатан МЖтКнинг 204-моддаси (фавқулодда ҳолат тартиби талабларини бузиш) бўйича маъмурий баённомалар расмийлаштирилди. Қолганлар билан профилактик суҳбатлар ўтказилиб, соат 7:00 дан кейин қўйиб юборилган.

Қорақалпоғистондаги вазият бўйича ҳар куни расмий маълумотлар бериб борилиши маълум қилинган.

Қорақалпоғистон аҳолисидан вақтинча ўрнатилган фавқулодда ҳолат режими талабларига риоя қилиш, белгиланган комендантлик соатлари вақтида кўчага чиқмаслик сўралган.

Мавзуга оид