9 июл куни кечқурун Донецк областидаги Часив Яр шаҳрида иккита беш қаватли уй ҳужумга учраган. Бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленский ва фавқулодда вазиятлар бўйича давлат хизмати маълум қилди. Донецк области маъмурияти раҳбари Павел Кириленконинг сўзларига кўра, уйлардан бирида икки подъезд буткул қулаб тушган. Ўнлаб кишилар харобалар остида қолиб кетишган. Қурбонларнинг аниқ сони маълум эмас. Сўнгги маълумотларга кўра, харобалар остидан 33 кишининг жасади олиб чиқилган (улар орасида бир бола бор), тўққиз киши тирик ҳолда топилган.

Украина ҳукумати Часив Ярга берилган зарбаларда россиялик ҳарбийларни айблаган. Павел Кириленконинг сўзларига кўра, россияликлар шаҳарни «Ураган» баравар ўт очиш реактив тизимидан ўққа тутишган. Ўз навбатида, фавқулодда ҳолатлар бўйича давлат хизмати ва Украина қуролли кучлари бирлашган кучлари гуруҳи шаҳардаги аҳоли турар жойларига зарба «Искандер» ракета мажмуасидан берилганини маълум қилган.

«Бу ракета зарбаси эди. Бундай зарбалар йўллаш учун буйруқ бераётганлар онгли равишда қотиллик қилишмоқда. Бундай зарбалардан кейин қотиллар ниманидир билишмагани ёки тушунишмагани ҳақида айтишга ҳақли эмас», — деган Зеленский видеомурожаатида ва украин шаҳарларини ўққа тутаётганларнинг ҳар бири топилишини ваъда қилган.

РФ мудофаа вазирлиги фақат икки кун ўтиб Часив Ярга берилган зарбани тасдиқлади ва бу «националистларнинг йўқ қилиниши» бўлганини таъкидлади. Вазирлик 11 июл кунги ҳисоботида «қуруқликда жойлаштирилган юқори аниқликдаги қурол билан» ушбу аҳоли пунктидаги Украина ҳудудий мудофаа кучларининг 118-бригадасининг вақтинчалик жойлашув пункти йўқ қилинганини маълум қилади. «Зарба натижасида уч юздан ортиқ националист йўқ қилинди», — дейилади хабарда. Шу билан бирга, РФ мудофаа вазирлиги версиясида зарба қачон берилганига аниқлик киритилмаган.

Россия пропагандачилари ётоқхона ҳудудида Украина ҳарбийлари жойлашганини иддао қилишмоқда. Хусусан, бундай версия таниқли кремлпараст блогер Рибар ва «Война с фейками» телеграм-каналида билдирилган. Улар ракета украин ҳарбийлари ва хорижлик ёлланма кучлар жойлаштирилган ётоқхонага бориб тушганини таъкидлашади. Шу билан бирга, Рибарнинг версиясига кўра, бинода барибир «кўчишдан бош тортган» тинч аҳоли вакиллари ҳам қолганди.

Рибар ва «Война с фейками» ўз версияларига далил сифатида қутқарувчилар харобалар остидан олиб чиққан «ҳарбий формадаги эркак» суратини келтиришади. Суратда унинг ҳарбийлигини кўрсатадиган нишон ёки бирор таниш белгилари йўқ бўлган яшил футболкадаги кишини кўриш мумкин.