2021 йил қиш. Россия ва Украина ўртасидаги кенг кўламли урушгача ҳали бир йил бор. Аммо Часив Яр аллақачон ҳарбийлар билан тўлганди.

Бу ерда, советлар даврида қурилган беш қаватли уйлар ва саноат корхоналаридан иборат аҳоли зич яшайдиган ҳудуддан узоқроқда Бирлашган кучлар операцияси (аввал Аксилтеррор операциялар - АТО) штаби жойлашган.

Бу эса Донбассдаги оддий шаҳарчани кучли истеҳкомга, Украина армияси «қалъаси»га айлантиради.

Энди, 2024 йил баҳорида, Россия қўшинлари Часив Ярга жуда яқин келиб, уни авиазарбалар билан яксон этмоқда.

Украина қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирскийнинг маълумотига кўра, Россия раҳбарияти ушбу шаҳарни ўзи учун муқаддас сана ҳисобланган 9 май — Ғалаба кунига қадар эгаллаш вазифасини қўйган.

Тепаликдаги шаҳар

Часив Яр тепаликда жойлашган, бу мудофаада ҳам, ҳужум қилишда ҳам устунлик беради. Фото: Reuters

Агар ўтмишдаги қўмондонлардан кимдир Донбасс даштларида қалъа қуришни истаб қолганида бунинг учун Часив Ярдан яхшироқ жойни топа олмасди.

Бу атрофдаги юзлаб километрлик радиусдаги энг баланд нуқтадир. Шаҳар жойлашган тепаликлар уни жануб ва шарқдан ҳимоялаб турадиган мудофаа деворлари вазифасини бажаради.

Бу ердаги энг баланд нуқта - 247 метр. Масалан, қўшни Константиновка, Дружковка, Словянск ва Краматорск каби шаҳарларнинг энг баланд жойлари 100 метрдан 125 метргача боради.

Россия 2014 йилда Донецкни оккупация қилганидан кейин бу шаҳарлар агломерацияси амалда Донецк областининг Украина назоратида қолган қисми учун маъмурий марказга айланди. Бу ерда саноат корхоналари ривожланди, темирйўлларни ҳам ўз ичига оладиган транспорт тугуни барпо бўлди.

Часив Яр Константиновка (7 км ғарбда) ва Краматорскка (25 км шимоли-ғарбда) яқинлиги туфайли уни ушбу агломерациянинг «дарвозаси» дейиш мумкин.

Кенг кўламли уруш бошлангунича бу ерда 13 минг атрофида аҳоли яшаган, аммо 2024 йил апрел ойи ўрталарига келиб шаҳарда 700 нафарга яқин киши қолган, деб маълум қилган BBC Украина хизмати билан суҳбатда шаҳар раҳбари Сергей Чаус. Шундан 80-85 фоизи — кекса ёшли кишилар, улар эвакуациядан бош тортишган.