4 июл куни Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу президент Путинга Лисичанск устидан тўлиқ назорат ўрнатилгани ва «ЛХР» ҳудудларини «озод этиш бўйича амалиёт муваффақиятли» ўтказилгани тўғрисида ҳисобот берди.

Шойгунинг ҳисоботини тинглаб бўлгач, Путин олдинги чизиқда жанг қилган бўлинмаларга танаффус беришни таклиф қилди.

«Фаол жанговар ҳаракатларда иштирок этган ва Луҳанск йўналишида ғалабага, муваффақиятга эришган бўлинмалар дам олиши, ўз ҳарбий имкониятларини ошириши керак», деган Россия президенти ва шундай қўшимча қилган: - бошқа ҳарбий бирлашмалар, жумладан «Шарқ», «Ғарб» ҳам олдиндан тасдиқланган ягона режа бўйича ўз олдига қўйилган вазифаларни бажариши керак».

Лисичанск - Луҳанск областининг Киев назоратидаги сўнгги шаҳри бўлиб қолаётганди.

ТАСС РФ мудофаа вазирлигига асосланган ҳолда Донбассдаги жангларда қатнашган россиялик ҳарбийларга «дам олиш, уйдан хат ва жўнатмалар олиш имкони тақдим этилгани» ҳақида хабар қилган. «Жанговар имкониятларни тўлдириш чоралари кўрилмоқда», дея маълум қилади вазирлик.

3 июлдан кейин ҳам Россия Украинада фронтнинг турли участкаларида чекланган кучлар билан ҳужумларни давом эттирмоқда. Лекин бу оператив танаффус ҳақидаги хулосага зид эмас, бундай танаффус ҳарбий ҳаракатлар бутунлай тўхтатилишини англатмайди.

Фронтдаги вазият бундан буёғига қандай ривожланиши мумкин ва бошқа масалалар - BBC обзорида.

Лисичанск нега бунчалик тез ташлаб кетилди?

Украина қўшини Северодонецкни бир неча ой давомида мудофаа қилди, стратегик муҳим ҳисобланган қўшни Лисичанск эса Северодонецк бой берилишидан бир неча кун ўтибоқ ташлаб чиқилди. Нима учун?

Чиндан ҳам, украин қисмлари аҳоли пунктларини култепага айлангунига қадар ҳимоя қилмоқда. Мариупол, Изюм, Волноваҳи, Попасная ва бошқа кўплаб жойларда шундай бўлди.

Украина армияси қўмондонлиги душман кучларини бўлиб ташлаш стратегиясига амал қилишда давом этмоқда, бунда маълум ҳудудлар топширилиши ҳарбий фалокатга олиб келмайди.

Россияликларнинг асосий зарбалари йўналишида чуқур, эгилувчан, аммо ҳаракатчан мудофаа ташкил этилган. Мағлубият ёки қуршовга тушиб қолиш таҳдиди юзага келган тақдирда, чекиниш муаммо бўлмайди.