Жаҳон | 13:50 / 04.02.2024
17161
3 дақиқада ўқилади

Лисичанск ўққа тутилиши оқибатида ўнлаб кишилар ҳалок бўлди

Қутқарув амалиёти бутун тун давомида ўтказилган, харобалар остидан одамларни қидириш ишлари давом эттирилмоқда.

Фото: TASS

3 феврал куни Лисичанск шаҳри Украина қуролли кучлари томонидан ўққа тутилиши оқибатида 28 киши ҳалок бўлиб, 10 киши яраланган. Бу ҳақда Москва томонидан Луҳанск областининг оккупация остидаги қисмига раҳбар этиб тайинланган Леонид Пасечник хабар берган. 4 феврал куни қурбонлар учун мотам эълон қилинган.

Аввалига харобалар остида 40 га яқин киши қолиб кетгани хабар қилинганди. Қурбонлар сони ҳали ортиши мумкин.

Россиянинг ТАСС ва РИА Новости агентликлари зарба қурбонлари ҳақидаги маълумотларни ФВВ ва маҳаллий маъмуриятга асосланган ҳолда келтирмоқда.

ФВВ қутқарув амалиётини тун бўйи давом эттирган

«ЛХР соғлиқни сақлаш вазири» Наталия Пашченко Лисичанск ўққа тутилиши оқибатида яраланганлардан беш нафарининг аҳволи оғирлиги, бир неча киши Луҳанск шаҳридаги шифохонага ётқизилгани ҳақида маълум қилган.

Расмийнинг маълумотига кўра, қурбонларнинг ўртача ёши - 30-40 ёш атрофида. 28 кишидан 18 нафари эркак, 9 нафари аёл ва бир нафари бола бўлган.

Лисичанскдаги новвойхона биноси қулаган жойда қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда, қутқарувчилар вайрон бўлган конструкциялардан 65 фоизини тозалаган, дейилади хабарда.

Украина ҳукумати ҳозирча Лисичанск ўққа тутилиши юзасидан муносабат билдирмаган.

Лисичанск шанба куни соат 14:20 да ўққа тутилган.

Воқеа жойида олинган фотосуратларда бу жойда ресторан бўлганини кўриш мумкин

Россия назорати остидаги Луҳанск ахборот маркази хабарига кўра, Украина АҚШ томонидан етказиб берилган HIMARS баравар ўт очиш реактив тизимидан новвойхонани ўққа тутган.

Ҳозирча бу зарбадан мақсад нима бўлгани аниқ эмас.

Зарба келиб тушган жойда олинган фотосуратларда бино вивескасида шундай ёзув бор: «Адриатик ресторани». Лисичанскда чиндан ҳам Москва кўчаси, 167а уй манзилида шундай номдаги украин ошхонаси ресторани бўлган. Маҳаллий аҳоли вакиллари ҳам ижтимоий тармоқларда зарба ресторан биносига келгани ҳақида ёзишган.

Россия ТИВ вакили Мария Захарова Москва халқаро ташкилотлар ушбу зарбани «зудлик билан ва сўзсиз қоралаши»ни кутаётганини айтган.

Фронт чизиғи яқинида жойлашган Лисичанскда Россиянинг 2022 йил февралида бошланган босқинига қадар 111 мингга яқин киши яшаган.

Россия қўшинлари Лисичанскни 2022 йил ёзида, бир неча ойлик шиддатли жанглардан кейин эгаллаб олганди.

Мавзуга оид