Жаҳон | 08:36 / 13.07.2022
17751
2 дақиқада ўқилади

Пентагон ИШИД етакчиси йўқ қилинганини эълон қилди

Пентагон маълумотларига кўра, ИШИД етакчиси Сурияда ўлдирилган. АҚШ бир неча ой ичида жангарилар раҳбариятига қарши иккинчи муваффақиятли операцияни ўтказди.

Фото: chronicles.com

Пентагон ИШИД террорчилик ташкилоти етакчиларидан бири Маҳер ал-Агал йўқ қилинганини расман эълон қилди. ИШИДнинг яна бир етакчиси оғир яраланган, унинг шахси ҳали аниқланмади. АҚШ Сурия шимоли-ғарбидаги Жиндарис шаҳри яқинида учувчисиз учоқлардан зарба берган. Баёнотга кўра, тинч аҳоли орасида қурбонлар йўқ.

Ал-Агал ИШИДнинг яна бир етакчиси Абу Иброҳим ал-Ҳошимий ал-Қурайшийнинг ўлимидан бир неча ой ўтиб ўлдирилди, у АҚШ махсус кучлари рейди пайтида ўзини портлатиб юборган. 

ИШИД 2014-2017 йилларда Сурия ҳудудининг салмоқли қисмини назорат қилган. Ҳозир эса ИШИД жангарилари Туркия чегарасига қувиб чиқарилди ва партизанлар уруши тактикасига ўтди. АҚШ қуролли кучлари қўмондонлиги ИШИД етакчиларининг йўқ қилиниши ташкилотнинг террорчилик фаолиятини фалаж аҳволга келтириб қўйишини тахмин қилмоқда. 

Ҳозирда Сурияда 900 га яқин америкалик ҳарбий хизматчи бор. Байден маъмурияти контингентнинг Сурияда яна қанча бўлиши борасида ҳали аниқ муддатни белгиламади. 

Мавзуга оид