Жаҳон | 15:59 / 13.07.2022
14817
2 дақиқада ўқилади

Путиннинг қизи импорт ўрнини босиш бўйича кенгаш ҳамраисига айланди

Катерина Тихонова санкциялар остида, аммо Россияда раҳбарлик лавозимларини эгаллашда давом этмоқда. Энди бу рўйхатга «Иннопрактика» фонди ва МДУдан, ташқари Россия саноатчилар ва тадбиркорлар иттифоқи ҳам киради.

Фото: ТАСС

«Миллий интеллектуал ривожланиш» жамғармаси (МИР, «Иннопрактика» бренди остида ишлайди) бош директори Катерина Тихонова Россия Саноатчилар ва тадбиркорлар иттифоқи (РСТИ) қошидаги импорт ўрнини босиш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш ҳамраиси бўлди. Бу ҳақда 13 июль, чоршанба куни РБК агентлиги РСТИ бошқаруви бюросининг Тихоновани тайинлаш тўғрисидаги қарори нусхасига, шунингдек, уюшма матбуот хизматига таяниб хабар берди.

РСТИ матбуот хизмати янги кенгаш «импорт ўрнини босиш бўйича РСТИ органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, импорт ўрнини босувчи ускуналарни алмаштириш бўйича муваффақиятли амалиётларни умумлаштириш, импорт ўрнини босишни қўллаб-қувватлаш учун рақамли хизматларни яратиш ва қонунчилик ташаббусларини шакллантириш учун» тузилганини тушунтирди. Уни РСТИ раиси Александр Шохин бошқаради. 

Ҳозирда 35 ёшли Катерина Тихонова «Иннопрактика» фондига раҳбарлик қилади. Бундан ташқари, у МДУ қошидаги Мураккаб тизимларнинг математик тадқиқотлари институти директорининг ўринбосари ва МДУ қошидаги Сунъий интеллект ва интеллектуал тизимларни илғор ўрганиш институти раҳбари саналади. 

Ғарб ва Россия ОАВлари, жумладан Reuters, Bloomberg, BBC медиакомпанияси ва «Медуза» интернет нашри Тихоновани Россия президенти Владимир Путиннинг кенжа қизи деб бир неча бор атаган. Кремль унинг Путин билан оилавий алоқалари ҳақидаги маълумотни тасдиқламаган, лекин рад ҳам этмаган. 

Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан АҚШ, Европа иттифоқи, Канада ва Япония Катерина Тихонова, шунингдек, Путиннинг тўнғич қизи Мария Воронцовага нисбатан санкциялар жорий қилди. Россия Федерацияси президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг айтишича, Москва бу санкцияларга жавоб беради. Шу тариқа, у Тихонова ва Воронцованинг президент билан муносабатларини билвосита тан олган. 

Мавзуга оид