Нова Каховкага қилинган ҳужум ҳақида Одесса области маъмурияти раҳбари Сергей Братчук ва Херсон области раҳбари маслаҳатчиси Сергей Хлан маълум қилган.

Нова Каховка - Херсон областидаги район маркази ҳисобланади.

Бу Украина жанубидаги россиялик кучлар учун стратегик жиҳатдан муҳим шаҳар бўлиб, у босқиннинг илк кунидаёқ эгаллаб олинганди. Унинг ёнида Кахова гидроэлектрстанцияси ва Днепр сувларини Қримга етказиб берувчи Шимолий Қрим каналининг гидротехник иншоотлари жойлашган. Россия қўшинлари шаҳардан фронт ортидаги база ва логистик марказ сифатида фойдаланади.

Ҳозирда ҳодиса ҳақида нималар маълум?

Украина ҳукумати мамлакат қуролли кучлари зарбалари россияликларнинг ўқ-дори сақланувчи омборига берилганини маълум қилган. Украина қуролли кучларининг «Жануб» оператив қўмондонлиги россияликларнинг ўқ-дори омбори йўқ қилингани ҳақида ҳисобот берган.

Сергей Хлан фейсбукдаги саҳифасида шундай ёзади: «Нова Каховкада россияликларнинг яна бир ўқ-дори омбори ҳисобдан чиқди. Ташишди, ташишди, ғамлашди, ғамлашди, ғамлашди ва мана тунда мушакбозлик кўришди. Одамларнинг деразалари тўкилиб тушган, аммо барибир улар хурсанд бўлишмоқда, чунки бу шуни англатадики, Украина қуролли кучлари шу яқин атрофда».

Россия давлат нашрлари аввалига ўз манбаларига асосланган ҳолда Кахова ГЭС ҳудудига зарба берилганини хабар қилишди. Аммо бир неча соат ўтиб Херсон областининг Россия томонидан тайинланган ҳарбий-фуқаролик маъмурияти раҳбари ўринбосари Кирилл Стремоусовга асосланган ҳолда ГЭС ҳақидаги маълумот рад этилди.

Кейинроқ «ҳарбий-фуқаролик маъмурияти» Нова Каховкада кучли портлаш рўй бергани - селитра сақланаётган омбор портлатилганини хабар қилди. ТАСС агентлиги хабарида айтилишича, Украина қуролли кучларининг Нова Каховкага зарбалари «минерал ўғитлар сақланган омборда портлашларга олиб келган».

BBC News Украина ҳисоблашича, бу сўнгги икки ҳафта ичида Украинанинг босиб олинган ҳудудларидаги ўқ-дори омборлари ва ҳарбий базаларига украин ҳарбийлари томонидан йўлланган ўн бешинчи зарба бўлди.

Бу арсеналлар Россия қўшинларининг фронт чизиғидан анча ичкарида жойлашганди ва яқингача Украина қуролли кучлари учун етиб бўлмас нишонлар саналарди. Бунга қадар ҳам украин ҳарбийлари баъзида рақибнинг қурол омборлари ва бошқарув пунктларига зарбалар йўллаб турган, аммо бу тўғридан тўғри фронт чизиғида рўй берар ёки диверсия ҳаракатлари орқали амалга ошириларди.