Жаҳон | 12:07 / 14.07.2022
8055
3 дақиқада ўқилади

Германияда газ учун аҳолидан ундириладиган тўлов уч баравар ошиши мумкин

Фото: AP

«Биржаларда газ нархи айрим ҳолларда етти бараварга ошди. Буларнинг барчаси истеъмолчиларга дарҳол ва тўлиқ етиб бормайди, бироқ қайсидир вақтда бунинг учун пул тўлаш керак бўлади», - дея огоҳлантирди BNetzA раҳбари Германия аҳолисини.

Германияда истеъмолчилар учун газ нархи уч баравар ошиши мумкин, дея маълум қилди Федерал тармоқ агентлиги (Bundesnetzagentur, BNetzA) раҳбари Клаус Мюллер 14 июль, пайшанба куни Redaktionsnetzwerk Deutschland (RND) нашрига берган интервьюсида. «Ҳозирда иситиш учун тўловларни олаётганларга аванс тўловлари миқдори икки баравар кўпаймоқда, бунда Украинадаги уруш оқибатлари умуман ҳисобга олинмаган. 2023 йил учун истеъмолчилар камида уч баравар миқдорни ҳисобга олишлари керак».

Мюллернинг сўзларига кўра, ҳозирда газ учун йилига 1500 евро тўлаётган мижозлар 4500 евро ва ундан кўпроқ тўлаши «мутлақо реалдир». «Бир қатор ҳолларда биржаларда газ нархи етти баробар ошди. Буларнинг барчаси истеъмолчиларга дарҳол ва тўлиқ етиб бормайди, бироқ қайсидир вақтда бунинг учун пул тўлаш керак бўлади», деб таъкидлади BNetzA раҳбари. Унинг сўзларига кўра, Германияда газ билан ишлайдиган иситиш қозонларининг ярмига яқини ҳозирда яхши тартибга солинмаган ва «катта тежамкорликка» озгина ҳаракат билан эришиш мумкин.

Клаус Мюллер хусусий уй хўжаликлари умуман газсиз қолиши эҳтимоли унчалик катта эмаслигини қўшимча қилди: «Энг ёмон ҳолатда ҳам Германия Норвегиядан, Бельгия ёки Нидерландия терминалларидан газ олишни давом эттиради, кейин эса Германия соҳилидаги терминаллардан тўғридан тўғри газ олади». У газ танқислиги юзага келган тақдирда, хусусий уй хўжаликлари биринчи навбатда газ билан таъминланмайди, деган хавотирларни четга сурди. Мюллернинг сўзларига кўра, Германия ва Европа қонунчилиги хусусий уй хўжаликларини «охиргигача» ҳимоя қилишни назарда тутади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид