Чоршанба куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида Украина, Россия ва Туркия делегациялари, шунингдек БМТ вакиллари иштирокида учрашув ўтказилди, томонлар Украина ғалласи денгиз орқали экспорт қилиниши йўлидаги тўсиқларни олиб ташлаш бўйича келишиб олишмоқчи. БМТ бош котиби Антониу Гутерриш бир ҳафта ичида ушбу масалада якуний келишувга эришилишига умид билдирган.

Ҳозирда Украина буғдой ҳосилини Дунай портлари ва қуруқлик орқали олиб чиқмоқда, аммо бу каналлардаги улуш урушгача бўлган ҳажмнинг кичиккина қисмини ташкил этади. 24 феврал кунги босқиндан кейин Қора денгиздаги украин портлари, хусусан, Одесса ва Миколайивдаги портлар блокланиб қолган, Азов денгизидаги портлар (Мариупол ва Бердянск) эса Россия томонидан эгаллаб олинган. Ғарб экспертлари баҳолашича, Одесса ва унинг атрофидаги ҳудудларда 20 млн тонна атрофидаги буғдой тўпланиб қолган.

Айни вақтда Украина буғдойи экспорти (қисман Россияники ҳам) кескин қисқариши кўплаб бадавлат бўлмаган давлатларда озиқ-овқат инқирозини юзага келтириши хавфи туғилган.

Истанбулдаги учрашув натижаси бўйича томонлар турли даражадаги ноаниқлик билан турли прогнозлар беришди. Шахси сир қолиши шарти билан BBC мухбирига интервью берган ғарблик амалдорлар музокаралар «ишбилармонлик руҳида» ўтгани, аммо қарорни 19 июлдан олдин кутмаслик кераклигини айтган. Ўша куни Теҳронда россияликлар президенти Владимир Путиннинг Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан учрашуви ўтказилади. Ушбу манбаларнинг сўзларига кўра, Эрдўған душанба куни ўтказилган телефон мулоқотида Путиннинг экспортни очиб юборишга розилигини олишга умид қилганди, аммо афтидан Путин бу қарорни ўзи қабул қилиб, бу ҳақда ўзи эълон қилмоқчи бўлмоқда.

Бу версияни БМТ бош котибининг баёноти ҳам бевосита тасдиқлайди, музокаралардан кейин у томонлар «муҳим қадам ташлашгани», аммо ҳозирча келишувга эришилмаганини айтганди. «Умид қиламизки, кейинги ҳафтада биз якуний келишувга эга бўламиз. Аммо, мен олдин ҳам айтганимдек, барча манфаатдор томонлар саъй-ҳаракат кўрсатиши керак», деган Гутерриш.

Турклар мудофаа вазири Хулуси Оқар кейинги ҳафтада Туркияда барча делегациялар иштирокида яна учрашув ўтказилиши ва консенсусга эришилса, навбатдаги учрашув келишув имзоланиши билан якунланишини айтди. «Биз умид қиламизки, ғалла ва озиқ-овқат муаммоси имкон қадар тез фурсатда ҳал қилинади. Ўйлаймизки, якуний келишувга кейинги ҳафтада эришилади», деган турклар мудофаа вазирлиги раҳбари.

Украина ташқи ишлар вазири Дмитро Кулеба чоршанба куни Испаниянинг El Pais нашрида эълон қилинган интервьюсида томонлар келишувга яқин эканини айтганди. «Украина ўз ғалласини жаҳон бозорига чиқаришга тайёр. Биз Россия билан келишувга эришишдан икки қадам берида, якуний босқичда турибмиз. Ҳозирда барчаси Россияга боғлиқ. Агар улар чиндан исташса, тез орада ғалла экспорти бошланади», деган Кулеба.