Ургут тумани Мустақиллик маҳалласида яшовчи фуқаролар электр энергиясидаги узилишлар, авария ҳолатига келиб қолган трансформаторларнинг “инжиқлигидан” чарчаган.
Бир йил аввал маҳаллага туман ҳокими Ботир Жабборов келган ва аҳоли билан мулоқот ўтказган. Учрашувда одамлар электр таъминотидаги узилишлар ва ичимлик суви билан боғлиқ муаммони кўтаришган. Жабборов маҳалла аҳли пул йиғиб, симёғоч сотиб олган тақдирда учта трансформатор ҳокимият ташаббуси билан ўрнатиб берилишини ваъда қилган.

“Шундан кейин туман электр тармоқлари корхонаси вакиллари билан учрашиб, қанча “столба” кераклигини билиб олдик. Маҳалла фаоллари аҳолига вазиятни тўғри тушунтирдик. Агар ўзимиз ҳам озроқ ҳисса қўшсак, қолганига ҳокимият ёрдам қилишини билдирдик. Одамлар қараб туришмади, 53 миллион сўм маблағ йиғилди.
Пулни Ургут тумани электр корхонаси вакили Жуманазар акага бердик. Бизга элликта темир-бетон устунлари етказиб берилганига ҳам қарийб 6 ой бўлди. Бу вақт ичида бир неча марта туман ҳокимига, тегишли идораларга мурожаат қилдик, бироқ трансформатордан дарак йўқ.
Маҳалламизда эскириб кетган трансформаторлар сабаб тез-тез электр энергиясида узилишлар давом этяпти. Бундай ҳолатларда ўз ҳисобимиздан таъмирлаб турамиз. Одамлар чарчади. Ахир ҳокимнинг ваъдасига ишониб пул йиғдик, нега қолганига давлат ёрдам бермайди?
Биз яшаб турган жойларда аҳолидан ўша 53 миллион сўм йиғилиши ҳам катта гап аслида. Одамлар мажбурликдан, қийналиб кетганидан рози бўлиб пул берганди. Энди ҳамманинг ҳафсаласи пир бўлди, аҳоли фаолларга ишонмай қолди, пулни қайтариб беришни сўраяпти”, – деди Синдор Иноятуллаев.



Kun.uz мухбири Ургут туман ҳокимининг соҳага масъул ўринбосари Шохруҳ Алиқулов билан телефон орқали суҳбатлашди. Алиқулов бу воқеалардан хабардорлигини айтди. Маҳалла аҳли ваъда қилинган трансформаторларни ўрнатиб беришни сўраб, ҳокимликка мурожаат қилганини ҳам тасдиқлади.
Май ойи охирида кечган суҳбатимизда Алиқулов трансформаторларни етказиб бериш жорий йилнинг иккинчи чораги якуни билан режалаштирилганини айтганди. Иккинчи чорак ҳам ўтиб бўлди – маҳалла аҳолиси Kun.uz'га қайта-қайта мурожаат қилишдан чарчамаяпти. Расмийлар уларни эшитмаётганидан норози. Шундоқ ҳам молиявий қийин аҳволда бўлган одамлар ёнидан чиқариб берган пули жойига етиб бормаган, деган фикрда.











