Ўзбекистон | 07:53 / 15.07.2022
5029
2 дақиқада ўқилади

Хўжакенттепа археология ёдгорлиги ҳудудида «дача» қурилаётгани аниқланди

Фото: Маданий мерос агентлиги

Бўстонлиқ тумани Хўжакенттепа шаҳристони археология ёдгорлиги ҳудудида ноқонуний қурилиш ишлари олиб борилаётгани ҳақида ижтимоий тармоқларда видео тарқалди. Маданий мерос агентлиги ушбу мурожаат юзасидан расмий маълумот берди.

Бўстонлиқ тумани «Хўжакент» МФЙда жойлашган Хўжакенттепа шаҳристони археология ёдгорлиги IX—XII асрларга оид бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги 846-сонли қарори билан миллий рўйхатдан жой олган.

Шунингдек мазкур объект моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объекти сифатида давлат кадастрига киритилган ва давлат муҳофазасига олинган.

2022 йилнинг 1 апрель санасида Тошкент вилояти Маданий мерос бошқармаси вакиллари томонидан мазкур археология ёдгорлиги ҳудудида тегишли рухсатномасиз қурилиш ишлари амалга оширилаётгани ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 мартдаги 265-сонли қарорнинг 5-иловаси талаблари бузилгани аниқланган.

Ҳолат юзасидан бошқарма мутахассислари томонидан шу куннинг ўзида далолатнома расмийлаштирилиб, тадбиркорга қурилиш ишларини тўхтатиш ҳақида кўрсатма ва огоҳлантириш хатлари берилган.

Билдирилишича, тўпланган ҳужжатлар вилоят прокуратурасига тақдим этилган. Бугунги кунда Бўстонлиқ тумани прокуратураси томонидан терговолди ҳаракатлари амалга оширилмоқда.