Иқтисодиёт | 18:57 / 16.07.2022
17646
4 дақиқада ўқилади

ССП: Фармацевтика соҳасидаги тадбиркорларни қийнаётган муаммолар ва уларнинг ечимлари муҳокама қилинди

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан тадбиркорлик субъектларининг соҳалар кесимида муаммолари ва таклифларини аниқлаш ҳамда уларнинг ечимларини топишга қаратилган давра суҳбатларини ўтказиш амалиёти йўлга қўйилган.

Фото: Савдо-саноат палатаси

Бугун, 16 июль куни “Nest One” биносида, ушбу анъанани давом эттирган ҳолда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан аҳолини арзон ва сифатли дори воситалари билан таъминлаш ҳамда фармацевтика соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларини ривожлантириш ва улар фаолиятида дуч келинаётган муаммолар ечимига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Давлат раҳбари томонидан жорий йилнинг 12 апрель куни фармацевтика тармоғини ривожлантириш масалалари бўйича ўтказган йиғилишда мамлакатимизда йилига 1 миллиард 600 миллион долларлик фармацевтика маҳсулотлари истеъмол қилиниши, шундан катта қисми – қарийб 1 миллиард 200 миллион долларлик маҳсулотлар импорт қилинаётгани таъкидлаб ўтилган.

Хусусан, ҳудудлар кесимида олганда, маҳаллийлаштириш даражаси мутлақо қониқарсиз. Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразм, Бухоро ва Фарғона вилоятларида истеъмол қилинадиган дорининг атиги 2-5 фоизи маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳиссасига тўғри келади.

Шу боис, дори воситаларига талабни ўрганиб, уларни маҳаллийлаштириш чора-тадбирлари белгиланган, хусусан, жорий йилнинг ўзида 80 миллион долларлик 34 та лойиҳа режалаштирилган.

Тадбирни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов очиб берди ва фармацевтика соҳасидаги бугунги ҳолат ҳамда ушбу йўналишдаги тадбиркорларнинг соҳадаги муаммоларини аниқлаш, таклифларини ўрганиб чиқишда янада фаол бўлишга чақирди.

Мазкур давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Д.Қосимов, Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари М.Мирзаев, инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари А.Воитов, Давлат божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Н.Мусамуҳамедов, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори С.Кариев, “Dori-Darmon” АЖ бошқарув раиси У.Солиҳова ҳамда юртимизда дори воситалари ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқариш, шунингдек улгуржи савдо фаолияти билан шуғулланувчи 150 нафар тадбиркорлик субъектлари иштирок этишди.

Шу билан бирга, Савдо-саноат палатасининг 14 та худудий бошқармаси биноларидан онлайн тарзда ZOOM платформаси орқали фармацевтика соҳасида фаолият юритиб келаётган 140 нафар нуфузли тадбиркорлар иштирок этишди.

Учрашувнинг муҳим мақсадларидан бири – тадбиркорларга фармацевтикага оид тизимли муаммолар ва конструктив ечимларни очиқ муҳокама қилиш учун майдон яратишдан иборат.

Конструктив руҳда, қизғин савол-жавоб кўринишида ўтган давра суҳбатидан сўнг, дори воситаларини маркировкалаш тизимини жорий этиш учун зарур ахборотлар бериб ўтилди.

Тадбир давомида муҳокама қилинган йўналишлар бўйича тадбиркорлик субъектларининг таклифларини умумлаштириш, таҳлил қилиш ва юқори ташкилотларга тақдим қилиш учун йиғиб олинди.

Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, республика тадбиркорларининг хорижий ҳамкорлар билан бизнес алоқаларини ўрнатишга кўмаклашиш, маҳаллий товар ва хизматларни ташқи бозорларга фаол олиб чиқиш, тайёр рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни таъминлаш мақсадида мавжуд ишлаб чиқариш корхоналарини техник қайта жиҳозлаш ва модернизация қилиш учун хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш мақсадида ташкил этилган.

Савдо-саноат палатаси Матбуот хизмати Ⓣ

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид