Европа клублари бозорда фаоллашмоқда — сўнгги ҳафтада 20 дан ортиқ келишув имзоланди. Қуйида сўнгги кунларнинг асосий трансферлари келтирилади.

«Барса» икки топ футболчи олди, Германияда Ҳоландга ўринбосар топилди. Ҳафтанинг асосий трансферлари

Раҳим Стерлинг: «Манчестер Сити» → «Челси» (56,2 млн евро)

Раҳим Стерлинг «Челси»нинг Роман Абрамовичдан кейинги даврдаги илк трансфери бўлди - энди америкалик Тодд Боэли бошқарувига ўтган Лондон клуби ушбу футболчи учун 45 млн фунт сарфлади. Англиялик футболчи «Ман Сити» сафида 2015 йилдан бери тўп сурди ва 200 дан ошиқ ўйинда майдонга тушди. Якунланган мавсумда у 47 ўйинда 19 гол уриб, етти голли узатмага муаллифлик қилди. «Челси» бош мураббийи Томас Тухел Стерлингнинг ёши, тажрибаси ва ўйин услуби жамоага мос келишини айтган. Раҳимнинг Англия миллий жамоасидаги сафдошларидан бири Мэйсон Маунт у лондонликлар клубини янги босқичга олиб чиқишини таъкидлаган. 27 ёшли Стерлинг 2027 йил ёзига қадар амалда бўлувчи шартномага имзо чеккан («5+1» схемаси бўйича).

Стерлинг - «Интер»га ижарага берилган Ромелу Лукаку учун ўринбосар эмас, у енгилроқ, тезкорроқ, технар ва белгиялик форвард каби марказда эмас, қанотда ўйнашни афзал кўради. У «Сити»даги етти йилда кўп бор позициясини ўзгартирган ва кўпроқ чап қанотда фойдали ўйин кўрсатган. Тухел янги мавсумда ҳам марказда Ҳаверцдан фойдаланади, ҳужум учлигидаги яна бир ўринни шубҳасиз Маунт банд этади: Пулишич ва Ҳадсон Одои ўсишга эришмади, Зиёш «Милан»га кетмоқчи, Вернер ҳужумларни якунлашда самарали эмас. Стерлинг эса олдинги чизиқдаги исталган позицияни ёпа олади. «Челси»да 2016/17 йилги мавсумдан буён барқарор гол урувчи тўпурар бўлмаган, ўшанда Коста АПЛ ўйинларида 20 гол урганди. Стерлинг бу натижадан ўта олмаса ҳам, клубнинг самарадорлиги ошиши тайин.

Калиду Кулибали: «Наполи» → «Челси» (38 млн евро)

Ёзда «Челси» икки марказий ҳимоячисини йўқотди. Антонио Роюдигер «Реал» билан, Андреас Кристенсен — «Барселона» билан шартнома имзолади. Уларнинг иккиси ҳам «Челси»ни эркин агентлар мақомида тарк этишди ва клубга бу трансферлар фойда келтирмади. 31 ёшли Кулибали «Наполи»да 2014 йилдан буён ўйнаб келади, ҳар йили унинг номи қатор клублар билан боғлаб келинган бўлса-да, клуб раҳбари Аурелио Де Лаурентис уни клубда олиб қолишда давом этди. Энди эса сенегаллик футболчи Англия топ-клуби билан 2026 йилга қадар амал қилувчи шартномага имзо чекди.