Ҳуқуқшунослар Умида Ҳақназар ва Илҳом Азизов, иқтисодчи Юлий Юсупов Ўзбекистонда аграр ислоҳотларни таҳлил қилувчи мақолани нашр қилишди. Мутахассислар материалда ер муносабатлари, ер участкаларини ажратишда шаффофлик ва давлат буюртмаларини олиш борасида гўёки ечим топилмаган масалаларга ишора қилишмоқда. Бунга жавобан Инновацион ривожланиш вазирлигининг Ҳудудларни инновацион ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Фазлиддин Мўминов қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилишда эришилган ютуқлар ҳақида маълумот берди.

Қишлоқ хўжалиги Ўзбекистонда асосий иқтисодий тармоқ ҳисобланади. У ЯИМнинг қарийб 27 фоизини эгаллайди, мамлакатдаги жами аҳолининг 30 фоиздан ортиғини иш билан таъминлайди, қашшоқликни камайтиришга ҳисса қўшади. Бугунги кунга қадар қишлоқ хўжалигида 20 миллион гектардан ортиқ ер, жумладан, 3,2 миллион гектар суғориладиган экин майдонларида аҳоли эҳтиёжлари учун озиқ-овқат маҳсулотлари, иқтисодиёт тармоқлари учун зарур хомашё етиштирилмоқда.

2017 йилда кластер тизимининг пайдо бўлиши туфайли қишлоқ хўжалиги янада ривожлана бошлади. Бу тизим эндигина йўлга қўйилмоқда, занжирнинг айрим бўғинларида муаммолар мавжуд, аммо уни янада такомиллаштириш Ўзбекистон қишлоқ хўжалигининг ишлаб чиқариш салоҳиятидан самарали фойдаланиш имконини беради.

2019 йилда Қишлоқ хўжалигини 2020-2030 йилларда ривожлантириш стратегияси тасдиқланди. Мазкур Стратегия 2030 йилгача 1,0 миллион гектардан ортиқ қишлоқ хўжалиги ерларини ўзлаштириш, 535,0 минг гектардан ортиқ лалми, яйлов ва бошқа ерлардан самарали фойдаланишни таъминлаш; тармоқда банд бўлган ҳар бир кишига ўртача меҳнат унумдорлигининг 1,7 баробар ёки йилига 6,5 минг долларгача ўсишини таъминлаш; қайта ишланган тайёр маҳсулотлар ҳажмини 30 фоизгача ошириш; маҳсулот экспортини 20 миллиард долларгача оширишни назарда тутади.

2017–2021 йилларда қишлоқ хўжалиги ялпи маҳсулоти 6,8 фоизга ўсди. Ушбу даврда ишлаб чиқаришнинг ўртача йиллик ўсиш суръати тахминан 1,7 фоизни ташкил этди. 2017-2021 йилларда қишлоқ хўжалигининг ҳар бир банд кишига тўғри келадиган қўшилган қиймати 7,0 фоизга ошиб, 2019 йилдаги ўртача жаҳон кўрсаткичидан 60 фоизга ошди.

2020-2021 йилларда квоталар ва нархларни назорат қилишнинг бекор қилиниши экинларни диверсификация қилиш, бошқа экинлар, мева ва сабзавотлар етиштиришга босқичма-босқич ўтишга ёрдам бермоқда. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти республика ташқи даромадининг 10 фоиздан ортиғини ташкил қилмоқда.