Ўзбекистон | 12:46 / 18.07.2022
9872
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада «права» олиб бериш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари аниқланди 

Фарғона вилоятида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб бериш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Фарғона шаҳар бўлими томонидан Ички ишлар бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.

Унда, “А.” МЧЖ ходими М.Қ. фуқаро Ж.га танишлари ёрдамида “В” тоифали ҳайдовчилик гувоҳномасини ўқув машғулотларига қатнашмасдан  олиб бериш эвазига 400 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шу каби, Қувасой шаҳар бўлими томонидан Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.

Унда, “Қ.М.” МЧЖ ходими И.М. фуқаро А.га “B” ва “С” тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб бериш эвазига 300 АҚШ доллари ва 500 минг сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилди.

Билдирилишича, ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид