Унинг сўзларига кўра, яқинда Эрон пойтахти Теҳронда ҳибслар тўлқини бошланган: маҳаллий полиция итларни хиёбонларда сайр қилдиришни жиноят деб атаган, шу туфайли, уларнинг эгалари ҳибсга олинган ва жониворлар олиб кетилган.

Расмийлар итларни сайр қилдириш тақиқланганини «жамоат хавфсизлигини ҳимоя қилиш» зарурати билан изоҳламоқда.

Айни пайтда Эрон парламенти уй ҳайвонларига фақат махсус рухсатнома орқали эгалик қилиш имконини берувчи қонун лойиҳасини кўриб чиқмоқда.

«Ғарблашув» белгилари

Қонун лойиҳасида қайд этилганидек, ит ёки мушук олиш учун эронликлар махсус ҳукумат қўмитасига мурожаат қилиши керак. Шу билан бирга, ҳар қандай уй ҳайвонларини, ҳатто қуёнлар ва тошбақаларни ҳам «рухсатсиз мамлакатга олиб кириш, сотиб олиш ва сотиш, ташиш ва уйда боқиш» учун тахминан 800 доллар миқдорида жарима назарда тутилган.

Эрон ветеринария ассоциацияси президенти ва қонун лойиҳасига мухолиф бўлган доктор Паём Муҳибийнинг сўзларига кўра, бу борадаги баҳслар ўн йил олдин бошланган. Ўша пайтда бир гуруҳ депутатлар итларни эгаларидан тортиб олиб, ҳайвонот боғларига топшириш ёки чўлга ташлаб келишни таклиф қилишган.

доктор Паём Муҳибий

«Шу вақт ичида улар қонун лойиҳасини бир неча бор ўзгартиришди ва ҳатто ит эгаларига жисмоний жазо беришни ҳам муҳокама қилишди. Лекин лойиҳа ҳеч қаёққа силжимади», дейди Муҳибий.

Эрон қишлоқлари аҳолиси итларни ҳар доим боқишган, аммо XX асрда уй ҳайвонлари ҳам урбанизация тимсолига айланди.

Эрон ҳайвонларни ҳимоя қилиш бўйича қонунларни қабул қилган Яқин Шарқдаги биринчи давлат эди. 1948 йилда ушбу қонунларнинг амал қилинишини назорат этувчи илк давлат ташкилоти пайдо бўлади. Итлар ҳатто қирол оиласи аъзоларида ҳам бор эди.

Шоҳ Муҳаммад Ризо Паҳлавийнинг ағдарилиши билан якунланган 1979 йилги инқилоб ҳаммасини ўзгартирди. Бу воқеа Эрондаги кўплаб соҳаларга, шу жумладан уй ҳайвонлари билан боғлиқ ҳолатларга ҳам таъсир қилди.

Янги тузум назарида итлар Ғарб ва унинг турмуш тарзи тимсоли эди. Эрон ҳукумати буни йўқ қилишга уринаётганди.

«Итларга эгалик қилишни тартибга солувчи аниқ қоидалар йўқ», дейди теҳронлик ветеринар доктор Ашкон Шимироний.