Ўзбекистонда иссиқ кунлар бошланганидан бери «Тез ёрдам»га 130 мингдан ортиқ мурожаат бўлди
ССВ жазирама кунларда «Тез ёрдам» хизматига қанча бемор мурожаат қилгани бўйича маълумот берди.
Ўтган ҳафта Ўзбекистонга Эрон ҳудудларидан иссиқ ва қуруқ ҳаво оқими кириб келиши натижасида 17 июлдан бошлаб юртимизда юқори ҳарорат кузатилмоқда. Соҳа мутахассислари ушбу жазирама ҳафта давомида сақланиб қолиши, хусусан, 21-23 июл кунлари мамлакатимизда кундузи ҳарорат 43-45 даражагача, шимол, жануб ва чўл ҳудудларида эса 47 даражагача кўтарилишини тахмин қиляпти.
«Албатта бундай ноқулай иқлим, энг аввало, сурункали касаллиги бўлган, диспансер назоратида турувчи беморлар, ёш болалар, ҳомиладор аёллар ва кексалар саломатлиги учун хавф туғдириши мумкин.
Шу боис, улар соғлигини алоҳида тиббий назоратга олиш, зарурат бўлганда ўз вақтида шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш лозим. Айниқса, иссиқ ҳавода сурункали хасталиклар хуруж қилишини эътиборга олсак, «Тез ёрдам» хизмати ходимлари зиммасига бу борада алоҳида масъулият юкланади», дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида.
«Юртимизда аномал иссиқ бошланган 17 июлдан бугун, 20 июл соат 06:00 га қадар Республика тез тиббий ёрдам хизматига жами 130 минг 115 та чақириқ келиб тушди.
Мурожаатчиларнинг 23 минг 421 нафарини қон босими кўтарилиши, нафас етишмовчилиги, астма хуружлари ва бошқа сурункали касалликлари бўлган беморлар ташкил этди. Уларнинг 4215 нафари эса госпитализация қилинди», дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Тез тиббий ёрдам хизматини мувофиқлаштирувчи диспетчерлик маркази раҳбари Давлатбек Юлдашев.
Қолаверса, ушбу саналарда Тошкент шаҳар «103» хизматига жами 11 минг 821 та чақириқ келиб тушган. Мурожаатларнинг 4 минг 235 нафарини қон босими кўтарилиши, нафас қисиши, астма ва бошқа касалликлар бўйича беморлар ташкил этди. Уларнинг 2 минг 185 нафари эса даволаниш учун шифохоналарга ётқизилган.
Қайд этилишича, жазирама ҳаво кузатилаётгани боис Соғлиқни сақлаш вазирлигининг алоҳида назорати йўлга қўйилган.
Хусусан, юртимиздаги 1010 та поликлиника, 923 та оилавий шифокор пунктида патронаж хизматлари кучайтирилиб, сурункали касалликларга чалинган ётоқ шароитидаги беморларга ўз вақтида зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Шунингдек, мамлакат бўйлаб 2762 та тез тиббий ёрдам бригадаси аҳолидан бўладиган чақириқлар учун доимо шай ҳолатда.
«Шу ўринда Соғлиқни сақлаш вазирлиги зарурат бўлмаса, аҳолидан жазирама пайти ташқарига чиқмасликни, тез-тез суюқлик ичиш, имкон қадар ёғли, дудланган таомлар тановул қилмаслик, аксинча, кўпроқ мева ва сабзавотлар истеъмол қилишни тавсия этади», дейилган хабарда.
Мавзуга оид
17:50 / 24.08.2024
Испанияда жазирама туфайли зайтун ёғини ишлаб чиқариш камаймоқда
11:49 / 13.08.2024
Дарахтлар жазирамада шаҳар ҳавосини совитолмаслиги мумкин — тадқиқот
09:51 / 13.08.2024
2023 йилда Европада 48 мингга яқин киши жазирама иссиқдан вафот этди
15:12 / 05.08.2024