Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Париж-2024 Олимпиадаси ташкилотчилари катта муаммога дуч келишди. Ўйинлар таҳдид остидами?
Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) Олимпиадага тайёргарлик жараёни суръатларидан хавотирда.
Парижда бўлиб ўтадиган ёзги Олимпия ўйинлари бошланишига роппа-роса икки йил қолди. Дунёнинг барча спортчилари спорт байрамини кутмоқдалар, аммо бу орада мусобақа ташкилотчилари камида учта жиддий муаммога дуч келган. Олимпия ўйинларини ўз вақтида ўтказиш хавф остида бўлиши мумкинми?
Пул етарли эмас
Франциянинг AFP ахборот агентлиги томонидан олиб борилган текширув умидсиз натижаларга олиб келди. Биринчи муаммо – бу маблағ етишмаслиги.
Олимпиадани ўтказиш харажатлари 3,8 миллиард еврога баҳоланганди. Икки йил аввал, COVID-19 пандемияси туфайли мусобақа бюджети 400 миллион еврога қисқарди.
Аммо энди яна бир муаммо пайдо бўлди – инфляция ўсиши. Шу сабабли, олимпия иншоотларини қуриш учун масъул бўлган Solideo компаниясида қўшимча харажатлар юзага келди. Бу эса, катта эҳтимол билан, давлат томонидан қопланиши керак. Аммо оддий француз халқи инқироз даврида Ўйинларни ташкил этиш учун давлат бюджетидан катта миқдорда маблағ ажратилишини маъқуллайдими?
Даромад билан боғлиқ нарсалар ҳам силлиқ кечмаяпти – чипталар сотуви фақат декабрда бошланади, баъзи йирик ҳомийлар эса ҳамкорлик шартномаларини имзоламаган.
Шаҳар фалаж ҳолатига тушадими?
Олимпиада учун Парижда 10 миллионга яқин мухлис кутилмоқда ва уларнинг шаҳар бўйлаб ҳаракатланиши ҳам муаммо келтириб чиқариши мумкин. Париж марказини Олимпиада иншоотлари билан боғлаши керак бўлган иккита метро линияси қурилиши ўз вақтида якунланишига шубҳа бор. Бироқ, AFP хабарига кўра, ташкилотчилар бу масалани назорат остига олишганини айтишган.
Ҳозирча ер усти транспорти орқали ҳаракат қилиш ҳам қийин бўлиши мумкин: Франция автобус ҳайдовчилари етишмаслиги муаммосини бартараф этишга, шунингдек, Паралимпия ўйинлари учун қулай муҳит яратишга ҳаракат қилмоқда.
Хавфсизлик муаммолари
Французлар допингга қарши кураш жараёнини ташкил қилишда ҳам қийинчиликларга дуч келишди. ХОҚ бундан ташвишда эканини билдирди. Олимпиада ташкилий қўмитаси Халқаро тест агентлиги ходимларининг қийинчиликсиз ишлашига имкон берадиган логистика масалаларини ишлаб чиқиши керак.
Кўпчиликни ташвишга солаётган яна бир масала – Олимпия ўйинлари меҳмонлари хавфсизлиги. «Стад де Франс» стадионида бўлиб ўтган Чемпионлар лигаси финалидаги воқеалар французларнинг энг йирик спорт мусобақасида хавфсизликни таъминлай олишига шубҳа уйғотмоқда.
Сценарийга кўра, очилиш маросимида 180 делегация Сена дарёси бўйлаб қайиқларда сузиб ўтиши керак. Буни қирғоқдан 600 минг киши жонли томоша қилиши мумкин бўлади. Аммо бу режалар фақат қоғозда, амалда эса француз нашрлари тадбир давомида эҳтимолий терактлар хавфини жиддий муҳокама қилмоқда.
Фақат яшил энергия
Умуман олганда, мезбонлар тайёр эмаслиги ҳақидаги маълумотлар ҳар бир олимпиададан олдин пайдо бўлади. Шунга қарамай, мусобақалар муваффақиятли ўтказилмоқда. Бу сафар хавотирли бонг уришга арзийдими?
Қийинчиликларга қарамай, Олимпиада ташкилий қўмитаси президенти Тони Эстангенинг иштиёқи баланд. У Париждаги ўйинларда тарихда биринчи марта фақат «яшил» электр энергияси ишлатилиши, эркаклар ва аёллар сони бир хил бўлиши ҳақида ғурур билан гапиради. Ҳатто овқатланиш нуқтаи назаридан ҳам ўзгаришлар бўлади. «Камроқ гўшт, кўпроқ вегетарианлик», деб таъкидлайди Тони.
Мавзуга оид
11:00 / 10.06.2026
Париж исроиллик вазирга қарши санкциялар жорий қилди
15:43 / 31.05.2026
Парижда «ПСЖ» фанатлари тартибсизлик келтириб чиқарди – фотолар
23:08 / 21.05.2026
Париж Фаластин халқига фахрий фуқаролик бермоқчи
08:32 / 21.05.2026