«Контрафакт» сўзи француз тилидан олинган бўлиб, «Муаллифлик ҳуқуқини бузиш» деган маънони билдиради. Мазкур сўз интеллектуал мулк ҳуқуқларини поймол қилган ҳолда ишлаб чиқарилган, яъни сохта товар ва маҳсулотларга нисбатан ишлатилади.

Бутун дунёда сохта товарлар савдоси кундан кунга ўсиб бормоқда. Хусусан, Science direct сайтида келтирилган маълумотларга кўра, гўшт ва гўшт маҳсулотлари (27,7%), сут ва сут маҳсулотлари (10,5%), дон ва нон маҳсулотлари (8,3%), балиқ ва балиқ маҳсулотлари (7,7%) нинг кўплаб контрафакт вариантлари ишлаб чиқарилган(июль, 2022). Озиқ-овқат саноати соҳасида юзага келаётган фирибгарликларнинг аксарияти маҳсулотларнинг яроқлилик муддатини ўзгартириш(58,3%), ишлаб чиқарилган мамлакат кодини нотўғри белгилаш (11,4%) ҳолатлари билан боғлиқ саналади.

   Маҳаллий бозорларимизга контрафакт маҳсулотларнинг олиб кирилиши, биринчи навбатда, сотилаётган маҳсулотларнинг хавфсиз ва сифатли бўлишига, қолаверса, истеъмолчиларнинг саломатлигига ҳам жиддий таъсир кўрсатади. Эътибор берсак, сохта маҳсулотлар аслига қараганда арзон бўлади. Сабаби, уларнинг таркибида сифатсиз ва арзон хомашёлар миқдори кўп.

- Афсуски, харидорлар баъзан танловда адашадилар. Бу эса нафақат инсонлар саломатлигида бир қанча ўзгаришлар юз беришига сабаб бўлади, балки тадбиркорлар фаолиятига ўзининг салбий таъсирини ўтказмасдан қолмайди. Бизнинг уюшмамизга аъзо тадбиркорлар орасида ҳам ана шундай контрафакт маҳсулотлар орқали зарар кўраётганлари учраб турибди. Бунинг учун барча мутасадди ташкилотлар ва ишлаб чиқарувчилар билан биргаликда  сотувга чиқарилаётган маҳсулотларни назорат остига олишимиз ҳамда муҳим профилактик чораларни кўришимиз зарурдир, - дейди Ўзбекистон Озиқ-овқат саноати уюшмаси раиси Баҳодир Умиршайхов.

 Бизнес оламига кириб келаётган айрим ёш тадбиркорлар машҳур брендларга тақлид қилиб айнан шуларникига ўхшаш маҳсулотлар ишлаб чиқаришмоқчи бўлишади. Маҳсулотларнинг сохта ёки ҳақиқийлигини эса биринчи навбатда унинг таъми, шунингдек, нархи, кўриниши, номи, ранги, маҳсулот ўрамидаги дизайнидан билиб олиш мумкин. Табиийки, контрафакт маҳсулотлар арзон ҳамда сифатсиз бўлади.

Мамлакатимизда контрафакт маҳсулотлар ишлаб чиқарилишининг олдини олиш мақсадида бир қанча ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ–4965-сон қарорига мувофиқ интеллектуал мулк соҳасидаги ҳуқуқбузарликни манзилли аниқлаш ва курашиш мақсадида Интеллектуал мулк ҳимояси бошқармаси ташкил қилинди. Адлия вазирлиги томонидан контрафакт маҳсулотлар каталоги ишлаб чиқилди. Шунингдек, «хуфиёна иқтисодиёт» шаклланишининг ҳолатларини аниқлаш бўйича чоралар кўриш, контрафакт маҳсулотларни ишлаб чиқариш фаолиятига чек қўйиш бўйича ваколатли давлат органи – Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан ҳам сотувдаги сохта товарлар аниқланиб, тегишли чоралар кўриб келинмоқда.