BBC корреспонденти Эндрю Ҳардинг Донбассдаги фронт чизиғида бўлиб, украин ҳарбийлари ва уларга таълим бераётган хорижлик инструкторлар билан суҳбатлашди.
Бир неча ҳафтадан бери Россия томонидан тинимсиз бомбардимон қилинаётган, деярли ташландиқ ҳолатга келган Бахмут шаҳарчасидан шимолдаги тепалик устида тутун устунлари мовий осмонга кўтарилади.
«Бу яшаш эмас. Хавфсиз жойнинг ўзи йўқ. Мен чин дилдан умрим тугашини истайман», дея нола қилади 86 ёшли Анна Иванова. У ҳассасига таянган ҳолда бегона ўтларни юлиш учун полиздаги жўякка эгилади.
Украин самолётлари деярли бош устидан гувуллаб учиб ўтаётгандек туюлади. Ўн дақиқа ўтиб узоқлардан гумбурлаш овозлари эшитилади.

Шарқий Донбассдаги эгри-бугри фронт чизиғи ёнидан ўтувчи ҳар бир киши учун - шимолдаги вайронага айланаёзган Словянскдан жанубда Донецк атрофидаги ташландиқ ҳолатга тушган фермерлар қишлоқларигача - россияликлар тартибсиз равишда бўлса-да, аввалги каби жазавага тушиб ўт очишда давом этаётгандек туюлиши мумкин.
Аммо Донецк яқинидаги буғдой даласи бурчагида жойлашган украинлар артиллерия бўлинмаси командири Дмитро (у фақат исмини ёзишни сўраган) бундайлигини қатъий рад этади.
«Улар тез-тез отишаётгани йўқ. [Россия қўшинлари томонидан] артиллерия зарбалари суръати икки баробар пасайди. Балки ундан ҳам кўпроққадир, балки учдан икки қисмигадир», дейди у ёнидаги катта яшил рангли автомобил четига уриб қўйиб.
Бу яшил машина - французлар томонидан ишлаб чиқарилган, улкан стволи россиялик ҳарбийлар эгаллаган томонга қаратилган «Цезар» русумли ўзиюрар артиллерия қурилмасидир.
Бу эндиликда Донбасснинг қишлоқ йўллари билан ҳаракатланаётганига тез-тез кўз тушиш мумкин бўлган Ғарбнинг кўплаб оғир қуролларидан биридир. Бу ердаги кўплар қатори Дмитро ҳам шундай қуроллар урушнинг боришини ўзгартиришга ёрдам берди, деб ҳисоблайди.


















