Қирғизистон транспорт ва коммуникациялар вазири Эркинбек Осоев Хитой темирйўл қурилиш корпорациясининг катта муҳандис Гэнг Жун бошчилигидаги Биринчи лойиҳа-қидирув институти вакиллари билан учрашди, деб ёзади 24.kg.

Нашрнинг ёзишича, учрашув чоғида томонлар темирйўл қурилишида ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини қайд этган. Хусусан, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темирйўли қурилиши бўйича қўшма лойиҳани амалга оширишга кўмаклашиш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда. 

Темирйўл қурилишининг техник-иқтисодий асосларини биргаликда ишлаб чиқиш бўйича келишув мавжуд. 

«Қирғизистон раҳбарияти лойиҳани тезроқ амалга оширишни мақсад қилган. ХХР лойиҳа институтидан 80 нафар мутахассис Қирғизистонга етиб келди ва ҳозирда техник-иқтисодий асосларни тайёрламоқда», — дейилади хабарда.