16:40 / 08.08.2022
8701

Uzpaynet'ни сотиш жараёни бошланди 

Фото: Uzpaynet

Давлат активларини бошқариш агентлиги тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ, Uzpaynet устав капиталидаги 100 фоиз давлат улушини рақобатга асосланган сотув жараёни орқали сотиш режасини эълон қилди.

Abrau Capital ва Centil компаниялар консорциуми битим бўйича Давактив агентлигининг хусусийлаштириш бўйича етакчи маслаҳатчиси ҳисобланади.

Компания Ўзбекистон бозорида 2005 йилдан буён йирик тўлов ташкилотларидан бири сифатида фаолият юритиб келмоқда. Компания Paynet тўлов тизими ишлаб чиқарувчиси ва савдо белгиси эгаси деб ҳисобланади. Ҳозирги кунда 390 дан ортиқ хизмат кўрсатувчи провайдерлар тўловларни тизим орқали қабул қилмоқда — мобил алоқа, интернет, уй-жой, суғурта ва бошқалар.

Paynet маҳаллий банклар билан ҳамкорлик қилади – тўлов тизими хизматлари қаторига "Картадан нақд пул олиш", "Пул ўтказмалари", "Реквизитлар бўйича тўлов", "Кредитларни қайтариш" каби банк хизматлари киради.

Paynet тизими орқали ҳар куни 1,3 миллиондан ортиқ тўловлар 25 минг тўловни қабул қилиш пункти ва шу номдаги мобил илова орқали амалга оширилади.

Сотиш жараёни барча манфаатдор томонлар учун очиқ бўлган рақобат тамойилларига асосланган хусусийлаштириш механизми орқали амалга оширилади. Талабгорлар қизиқиш билдириши тўғрисидаги аризани 2022 йил 7 сентябрь соат 18:00 га қадар юбориши лозим.

Қабул қилинган аризалар қуйидаги мезонлар бўйича сараланади: давлат улушини сотиб олиш учун тўловга қобилиятлилиги; хусусийлаштириш жараёнида иштирок этилишини тақиқлаши мумкин бўлган маъмурий, ҳакамлик ёки бошқа суд жараёнлари йўқлиги; “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунга риоя этилиши.

Top