Озарбойжон мустақил бўлгандан кейин ер муносабатларини ислоҳ қилишга киришди. Дастлабки – асосий босқич давомида (1996-2003 йиллар) ерларни хусусийлаштириш бўйича кенг кўламли дастур амалга оширилди, 50 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди, ерни олиб қўйиш саноқли ҳолатдагина мумкин бўлди.

Ислоҳотни амалга ошириш даврида муайян ижобий натижаларга эришилди, шу билан бирга, турли муаммо ва камчиликлар ислоҳотнинг ҳар бир босқичига хос бўлди.

Озарбойжон тажрибаси Ўзбекистонникига ўхшаш шароитлар, иқтисодий ва институционал характердаги ўхшаш муаммолар мавжудлиги билан қизиқ. Озарбойжонда ўтказилган ер ислоҳоти Ўзбекистондагидан анча олдин бошлангани боис, ушбу тажрибадан маълум сабоқларни олиш имкони бор.

Ер ислоҳотлари учун шарт-шароитлар

1995 йилда – ер муносабатларида туб ўзгаришлар бошланган пайтда Озарбойжон ялпи ички маҳсулоти 1990 йилдагига нисбатан 36 фоизгача пасайди, инфляция даражаси йилига 400 фоиздан ошди, қишлоқ хўжалиги ялпи маҳсулоти 1991 йилдагига нисбатан икки баравар қисқарди1.

Ислоҳотлар амалга оширилгунга қадар, барча собиқ иттифоқ республикаларида бўлгани каби, барча ерлар давлат тасарруфида эди. Ишлаб чиқариш воситалари, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги тармоқлари ҳам давлатга тегишли бўлиб, марказлашган маъмурий-режалаштириш тизими доирасида бошқариларди. Ушбу умумий тизим доирасида унумдор ерлар уч турга бўлинган.

  • давлат хўжаликлари;
  • жамоа хўжаликлари;
  • ёрдамчи якка тартибдаги хўжаликлар.

Уйлар ва бинолар улар жойлашган ер билан бирга давлат мулки эди. Улардан фойдаланувчилар доимий фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган ҳолда яшаган1.

Бундан ташқари, иқтисодиётнинг барча тармоқлари, шу жумладан қишлоқ хўжалигининг фаолияти ноқулай ишбилармонлик муҳити билан чекланган эди. Озарбойжонда бизнес тўртта асосий муаммога дуч келди:

  • ҳуқуқий ва тартибга солиш тизимининг заифлиги;
  • инвестициялар учун маъмурий тўсиқлар;