Бу тизим нимага керак?

Офсайдни аниқлаш ҳатто VAR ва чизиқлар билан ҳам мураккаблигича қолмоқда. Асосий эътирозлар иккита ҳолатга қаратилган:

1. Офсайд чизиқларининг аниқлиги (аниқроғи, уларни чизиш тамойиллари) ишонарли эмас.

2. «Ўйиндан ташқари ҳолат»ни текшириш жуда узоқ вақт талаб этади. Баъзида эса бу бемаъни кўринади: футболчи голни нишонлайди (ёки нишонлай олмай туради), ҳакам VAR қарорини кутади, кейин эса голни ҳисоблайди (ёки бекор қилади).

Янги технология атиги 3-5 сонияда қарор қабул қилишга, инсон аралашувисиз чизиқ тортишга ёрдам беради.

Ҳозир эса қарорлар субъектив: видеоҳакамлар футболчи танасининг дарвозага яқин бўлган қисмларини қўлда аниқлайди, ундан проекция чизишади (ва маълум бўлишича, футболчининг елкаси қаерда тугаши ҳақида ҳар кимнинг ўз фикри бор), кейин, тўп узатилган вазиятдаги стоп-кадрни танлашади. Катта тезликда ҳаракатланаётган футболчилар билан боғлиқ офсайд ҳолатида сониялар ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Автоматлаштирилган тизим бу субъективликни ўлдириши керак.

Тизим қандай ишлайди?

Янги технологияда 12 та кузатув камераси қўлланади, улар стадион томи остига ўрнатилади. Камераларнинг вазифаси тўпни ва ҳар бир футболчи танасидаги 29 та нуқтани кузатишдан иборат. Маълумотни қайта ишлаш тезлиги – секундига 50 та фиксация. Шу туфайли, футболчиларнинг барча ҳаракатлари технология эътиборидан четда қолмайди. Нуқталар – офсайдга алоқадор бўлган тана қисмларидир.

2022 йилги жаҳон чемпионатининг тўпи – «Ар-Риҳла» технология ишида муҳим рол ўйнайди. Офсайдни аниқлаш учун унга инерция ўлчов блоки датчиги ўрнатилади. У сезгир элементлар тўпламидан (гироскоп ва акселерометр) иборат. Тўпдан олинган маълумотлар секундига 500 марта VAR хонасига етказилади. Бу эса тўпни узатиш, қайтариш ва рикошет билан боғлиқ вазиятни яхшироқ аниқлаш имконини беради.

Тизим ушбу маълумотларни тўплайди ва сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилади. Натижада, VAR тизими ҳакамлари футболчи офсайдда тўпни қабул қилиб олса, дарҳол хабардор бўлишади.

Нима учун офсайдлар автоматик эмас, яримавтоматик деб аталади?

Янги технология ишга тушса-да, VAR тизими бекор қилинмайди. Бу технология унинг ишини мукаммалаштиради. Бош ҳакамга офсайд ҳолати ҳақида хабар беришдан олдин видеоассистентлар технология тўп узатилган ҳолатни тўғри аниқлагани ва офсайд чизиғи тўғри чизилганини текширишади. Бу бир неча сония вақт олади.