Жаҳон | 08:23 / 12.08.2022
9038
3 дақиқада ўқилади

Bellingcat ва The Insider: «ДЛХР» аҳолиси босқинчиларнинг талон-торожликларидан шикоят қилмоқда

Украина шарқида ўзини «халқ республикалари» деб эълон қилган ҳудудларда россиялик аскарларнинг талон-торожликлари ва ваҳшийликлари юзасидан РФ ҳарбий прокуратурасига юборилган шикоятлар архиви журналистлар қўлига тушиб қолди. 

Фото: IMAGO

Ўзини Донецк ва Луганск «халқ республикалари» деб эълон қилган ҳудудларда фуқаролар Россия прокуратурасига РФнинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан сўнг рус ҳарбийлари уларнинг уйларини шафқатсизларча талон-торож қилиб, вайрон қилиб кетаётганидан шикоят қилмоқда. Бу ҳақда 10 август, чоршанба куни чоп этилган Bellingcat ва The Insider суриштирувида айтилади. 

Журналистлар қўлига Россия ҳарбий прокуратурасига юборилган шикоятлар архиви тушиб қолди, улардан «ДХР» ва «ЛХР» ҳудудида рус аскарларининг талон-торожликлари ҳамда ваҳшийликлари ҳақида билиб олиш мумкин. 

Хусусан, мурожаатлардан бирида 2014 йилда босиб олинган Любовка қишлоғида рус танки дарвозани синдириб, панжарани бузиб ташлагани, уйлардан бирининг гаражига кириб бориб, уй эгаларининг машиналарига зарар етказгани айтилади. Шундан сўнг, бино талон-торож қилинган. «Улар 200 минг рубллик эҳтиёт қисмлар ва асбоб-ускуналарни ўғирлаган, ҳаттоки машинада бўлган майда пулларни ҳам ўмариб кетган. Айтингчи, шулар ҳам одамми?» - дея жабрланувчиларнинг сўзларидан иқтибос келтирган нашр.

Яна бир мактубда муаллиф 2014 йилда босиб олинган Луганск области Бараниковка қишлоғида ўзини «ЛХР» зобитлари ва аскарлари деб таништирган «талончилар тўдаси» уйлар ва инфратузилма объектларини талон-торож қилганини билдиради. «8 мартдан кейин бир гуруҳ талончилар қишлоғимизга кириб келиб, мактаб, болалар боғчаси, дорихона, учта дўкон, фермерларни талаб кетишди ва қулфларни синдириб, иккита уйни эгаллаб олишди, — дейилади аризада. - Улар профессионал талончилар экани кўриниб турарди, чунки ҳеч нарсадан тап тортишмади. Қишлоқларда уйларнинг, ертўлаларнинг эшикларини синдириб, у ердан ҳамма нарсани: картошка, сабзи, телевизорларни олиб кетишди. Кўрган ҳамма нарсасига ёпишиб, кучи етганича ўмаришди».

Май ойи охирида «Медиазона» уч ойлик уруш давомида Россия ҳарбийлари Украина билан чегарадош шаҳарлардан камида 58 тонна посилка жўнатганини ёзган эди. Нашр жўнатмалар рақамлари маълумотлар базасини ўрганиб чиқди ва улардан фойдаланиб, «нафақат уруш бошланишига тўғри келган юк ташиш ҳажмининг аномал ўсишини, балки оммавий талон-торожликлар версиясини тасдиқловчи шаҳарлар ўртасидаги ноодатий алоқаларни ҳам аниқлади».

Мавзуга оид