Ўзбекистон | 17:49 / 13.08.2022
30076
3 дақиқада ўқилади

Ҳамкасбини ўлдирган санъаткор 11 йилга қамалди

Санъат олами вакиллари ўртасидаги низога гиёҳванд модда сабаб бўлгани айтилмоқда.

Тошкент шаҳар судининг жамоатчилик ва ОАВ билан ҳамкорлик бўйича бош маслаҳатчиси Садоқат Аллаберганованинг Kun.uz'га маълум қилишича, қотиллик учун суд қилинган 26 ёшли санъаткор муқаддам ўғрилик, қасддан баданга енгил шикаст етказиш жиноятларини ҳам содир этган. Марҳумнинг наркотик олиб келиб бермагани келишмовчиликка сабаб бўлган. Хумори босилмаган шахс танишининг уйига бориб у билан жанжаллашади ва уни бир неча марта пичоқлагач, воқеа жойидан яширинади. Оғир жароҳат олган жабрланувчи тез ёрдам машинасида жон беради.

Судда судланувчи айбига қисман иқрор бўлган. У марҳум билан 2016 йилнинг ёз ойларида тўй маросимида хизматда танишиб қолгани, унинг таклифи билан тўйхона ташқарисида бирга наша чекишгани, кейин ҳам наша билан тез-тез сийлаб тургани, натижада гиёҳванд моддага ўрганиб қолганини айтиб берган.

– Кунларнинг бирида гашиш топиб бериш учун у мендан 350 000 сўм олди, аммо олиб келмади. Унга бир неча маротаба қўнғироқ қилдим. Дастлаб мени ҳақорат қилди, кейин эса қўнғироқларимга жавоб бермай қўйди. Ундан қасд олиш учун кучли таъсир қилувчи дори ичиб, уйига бордим. Унга мендан олган пулни эслатганимда онамдан сўкиб кетди”, дея судда кўрсатма берган судланувчи.

Маълум бўлишича, шундан сўнг бошланган жанжал қотиллик билан тугаган. Судланувчи танишини бир неча марта пичоқлаб жиноят жойини тарк этган. Сўнгра укаси ва бошқа бир танишини ИИБга олиб боришади ва у ўша ерда қилмишини бўйнига олади.

Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди судьяси Музаффар Кукиев чиқарган ҳукмга мувофиқ қотилликка қўл урган санъаткор Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, 11 йил озодликдан маҳрум қилинган. Жиноят кодексининг 96-моддасига асосан судланувчи жазони ижро этиш жойларида гиёҳвандликдан ҳамда токсикоманиядан мажбуран даволаниши белгиланган.

Мавзуга оид