Жаҳон | 11:22 / 13.08.2022
9304
3 дақиқада ўқилади

Зеленский РФда таъқибга учраган россияликларга қочқин мақомини беришга чақирди

Украина президенти ЕИнинг россияликларга нисбатан амалдаги виза сиёсатини танқид қилиб, россиялик сайёҳлар ва тадбиркорларнинг киришини тақиқлаш зарурлигини таъкидлади.

Фото: AP

Россия босқини давом этаётгани фонида Украина президенти Володимир Зеленский Европа иттифоқини РФ фуқароларига визалар берилишини чеклашга чақирди. 12 август, жума куни кечки видеомурожаатда у россияликлар учун визалар масаласини ЕИда расмий муҳокама даражасига олиб чиққан Чехия, Болтиқбўйи давлатлари ва Европа бошқа давлатларига миннатдорчилик билдирди ҳамда ЕИнинг уларга нисбатан жорий виза сиёсатини танқид қилди.

«Европа ғоясини, умумий Европа қадриятларимизни йўқ қилмаслигимиз керак, яъни Европани ҳар ким кириши мумкин бўлган супермаркетга айлантирмаслигимиз керак, энг муҳими, одамлар шунчаки товарлар олиб чиқиб кетиши керак эмас», деб таъкидлади Украина президенти. 

Шу билан бирга, у Россияда ҳимояга муҳтож одамлар борлигини тан олди. РФда қувғинга учраган фуқароларга қочқинлик механизми, бошпана сўраш ва бошқалар орқали дунё ёрдами кўрсатилиши керак, дейди Зеленский. «Аммо бу курашаётганлар ва таъқибга учраганлар учун. Бу Россиянинг Европадаги қолган фуқароларига, туризм, кўнгилочар ва бизнесга тааллуқли бўлмаслиги керак. Террорчи давлат учун ишлаш керак эмас», - дея таъкидлади у. 

8 август куни The Washington Post нашрига берган интервьюсида Зеленский Ғарб давлатларини барча русларнинг ўз ҳудудларига киришини тақиқлашга чақирди. Россияга қарши илгари киритилган барча санкциялар Россия фуқаролари учун чегараларни бир йилга ёпиб қўйиш ва Россиядан энергия ташувчиларни сотиб олишга тўлиқ эмбарго жорий қилиш билан солиштирганда «заиф» эканини айтди. 

Шу билан бирга, Зеленский бу чора Украинадаги урушга рози бўлмагани учун мамлакатни тарк этган россияликларга ҳам таъсир қилиши кераклигини таъкидлади. «Гап қайси руслар ҳақида кетаётган бўлмасин, уларни Россияга қайтариб юборинг. Шунда улар тушуниб етишади», - дея қўшимча қилди у ва РФнинг барча фуқаролари ҳокимиятнинг хатти-ҳаракатлари учун жавобгар бўлиши кераклигини таъкидлади. 

Шундан сўнг Еврокомиссия хорижликларга қисқа муддатли шенген визалари беришни тақиқловчи ҳуқуқий норманинг йўқлигига ишора қилиб, россияликларга визалар беришни бутунлай тўхтатиш ЕИ стандартларига зид эканини билдирди. Шу билан бирга, россияликларга шенген визаси берилишини чеклаш масаласи август ойи охирида ЕИ кенгаши муҳокамасига қўйилган. Германия федерал канцлери Олаф Шольц эса РФ фуқароларига виза беришни бутунлай тақиқлашга қарши чиқди. 

Мавзуга оид