Спорт | 16:14 / 16.08.2022
15413
6 дақиқада ўқилади

Нуньес «калла қўйиши» «Ливерпул»нинг чемпионлик умидини таҳдид остида қолдирди

Жароҳатлардан азият чекаётган «қизиллар» «Манчестер Сити»дан тўрт очко ортда қолмоқда. Энди улар бир неча ҳафта давомида марказий ҳужумчисиз ўйнайди.

Фото: Getty images / GOAL

Дарвин Нуньес «Энфилд»даги дебюти бундай кечишини тасаввур ҳам қилмаган бўлса керак, Юрген Клопп ва «Ливерпул» ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

Уругвайлик футболчи ўз мухлислари олдида 57 дақиқа ўйнади ва тўғридан тўғри қизил карта олиб, майдонни тарк этди.

Матбуотда Нуньеснинг мерсисайдликлар ўйинига катта таъсир ўтказиши ҳақида ёзилганида, унинг «Кристал Пэлас» ҳимоячиси Йоаҳим Андерсеннинг иягига боши билан аҳмоқона зарба бериши кўзда тутилмаган эди албатта.

Нуньеснинг интизомсизлиги «Ливерпул»га қимматга тушди, чунки улар зўрға 1:1 ҳисобидаги дуранг натижани қўлга киритишди. Бу эса сўнгги ўн йил ичида биринчи марта Премьер-Лигадаги дастлабки иккита ўйинда ғалаба қозона олмаганини англатарди.

Бундан ҳам бадтарроқ бўлиши мумкин эди: ўйин охирида Уилфрид Заа зарбани ноаниқ йўлламаганида, «қизиллар» сўнгги 17 ой ичида илк марта ўз уйида мағлубиятга учраган бўларди.

Кейинчалик Клопп ўз жамоасининг 10 футболчи бўлиб яхши ўйнаганидан «ғурурланаётгани»ни айтди ва 64 миллион фунт эвазига келган уругвайлик шогирди билан яхшилаб гаплашиб олишини маълум қилди.

Ҳимоячи Андерсен томонидан провокация қандай бўлганидан қатъи назар (аслида унчалик жиддий эмасди), Нуньеснинг бундай реакциясини оқлаб бўлмайди. Айниқса, бош ҳакам Пол Тирни кўз ўнгида ва VAR ишлаётган шароитда.

Энди Нуньеснинг бепарволиги ўзига ва «Ливерпул»га қимматга тушиши мумкин – у дисквалификация туфайли учта ўйинни ўтказиб юборади.

«Ливерпул» келаси душанба куни «Манчестер Юнайтед» меҳмони бўлади. Клопп жамоасининг ресурслари эса хавотирли тарзда анча камайди, бу унга бош оғриғини келтириши аниқ.

«Чунки бизда бошқа ҳужумчи йўқ», деди Клопп нима учун «Кристал Пэлас»га қарши ўйинда Нуньесни танлагани ҳақидаги саволга жавоб бериб. Бу гапларида жон бор ва унинг жилмайиши маъюс эди.

Диогу Жота ва Роберто Фирмино ўйин қайдномасига киритилмагани боис Нуньес майдонга туширилди. Ўтган мавсумда баъзан марказий ҳужумчи сифатида ўйнаган Алекс Окслейд-Чемберлен ҳам жароҳат олган.

Мавсум стартидаёқ «Ливерпул» муаммоларга дуч келмоқда. Ҳозирда асосий жамоанинг 10 нафар футболчиси жароҳатланган.

Жо Гомес ва Жордан Ҳендерсон соғлиғидаги кичик муаммолар туфайли «Пэлас»га қарши ўйинни захира ўриндиғида бошлашга мажбур бўлишди. Фирмино ва Жоэл Матип машғулот пайтида сафдан чиқди. Клоппнинг айтишича, Матип икки ҳафта давомида майдонга тушмайди. Фирминонинг жароҳати қандай экани ҳозирча номаълум.

«Мен ҳеч қачон бундай ҳафтага дуч келмаганман», деди Клопп матбуот анжуманида. - Ростини айтсам, қароргоҳимизда худди жодугар бордек туюлди. Ҳар куни кимдир ақл бовар қилмас сабаб билан жароҳат олар эди».

Шу туфайли, Нуньеснинг бемаъни қилиғи унинг бошига тушган ягона кўргилик эмасди. Яхшиямки, Клопп «Манчестер Юнайтед»га қарши ўйингача 1 ҳафта муддатга эга, бунинг учун тақвимдан миннатдор бўлиши керак.

У ҳеч бўлмаганда Фирмино тикланиб олишидан умидвор. Аммо Матип сафдан аниқ чиқди. Жота бир неча ҳафтада қайтади. Окслейд-Чемберлен, Тиаго Алкантара, Иброҳим Конате ва Кёртис Жонс ҳамон даволанмоқда. Ҳатто 2-рақамли дарвозабон Келлеҳер, ёзда олинган Калвин Рэмзи ва ўсмир юлдуз Кайде Гордон ҳам жароҳатланган.

Ушбу муаммони ҳал қилиш учун «Ливерпул» трансфер бозорига чиқиши керак деган чақириқлар янграмоқда.

Аммо «қизиллар» Лиссабоннинг «Спортинг» клуби яримҳимоячиси Матеус Нуньес хизматига қизиқиш билдираётган бир пайтда, «Вулверҳэмптон» у билан келишиб олгани ҳақидаги «совуқ» хабар мухлислар орасида тарқалиб бўлди.

Клопп «Ливерпул» ваҳима остида футболчи сотиб олмаслигини таъкидлаганди, бу сўзлар мухлисларни тинчлантиради. Аммо мавсум бошиданоқ клуб «Манчестер Сити»дан ортда қолаётгани қўшимча босимни келтириб чиқармоқда. Келаси ҳафтада эса «Олд Траффорд» кутиб турибди. Агар у ерда инқироздаги клубга ютқазилса, савалаш учун қамчилар тайёр туришига шубҳа қилмаса ҳам бўлади.

Афсуски, бу – катта муваффақиятнинг нархи. «Ливерпул» сўнгги йилларда шундай стандартни ўрнатдики, бир неча салбий натижалар дарҳол турли қайғули миш-мишларга йўл очади.

Энди клубнинг вазифаси – ғалабалар ва ишончли ўйинлар орқали мухлисларни тинчлантириш. Ҳозирча бунга Нуньессиз эришишга тўғри келади.

Уругвайлик футболчи ўз хатосидан тўғри хулоса чиқаради ва шубҳасиз, яқин ойлар ва йилларда «Ливерпул» учун катта футболчига айланади. Аммо унинг аҳмоқона қилиғи жамоаси ва бош мураббийни бир неча ҳафта давомида қийнаб қўяди.

Мавзуга оид