АҚШ яқин орада Украинага 775 миллион доллар (тахминан 772 миллион евро) миқдоридаги янги ҳарбий ёрдам пакетини тақдим этади. Бу ҳақда АҚШ Мудофаа вазирлиги сайтида 19 август, жума куни маълум қилинди.

Хабарда таъкидланишича, ушбу пакет доирасида Украина Қуролли кучлари HIMARS ЯЎРТ учун қўшимча ўқ-дорилар, ўн олтита 105 миллиметрли гаубица ва улар учун 36 мингта артиллерия снаряди, ўн бешта ScanEagle разведка учувчисиз қурилмалари, қирқта MaxxPro минага қарши зирҳли транспорт воситалари, HARM радарга қарши ракеталар, танкка қарши TOW ракета тизимлари, Javelin танкка қарши кўчма тизимлари ва бошқа турдаги қуролларни олади.

Пентагон вакилининг сўзларига кўра, Украина ҳарбийлари билан маслаҳатлашувлар «уларга керак бўлганда, керакли нарсаларни етказиб бериш учун» давом этади. 

Аввалроқ, 8 август куни АҚШ Украинага 1 миллиард доллар миқдорида ҳарбий ёрдам бериши ҳақида хабар берилганди. 2014 йилдан бери Украинага хавфсизликни таъминлаш учун 12,6 миллиард доллардан ортиқ ёрдам кўрсатилди, дея аниқлик киритди Пентагон.